Ўзбекистон | 12:22 / 17.10.2025
2972
2 дақиқада ўқилади

Президент: Инсон қадри фақат иш ҳақи билан эмас, балки ижтимоий муҳит билан ҳам белгиланади

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашуви бўлиб ўтяпти. Давлат раҳбари тадбирда нутқ сўзлаб, соҳа вакиллари билан мулоқот қиляпти.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари касаба уюшмалари фаолиятини янада ривожлантириш ва меҳнат муносабатларини яхшилаш бўйича келгуси вазифаларни муҳокама қилди.

Иқтисодиёт барқарор ўсиб бормоқда. Аҳоли турмуш фаровонлигини шунга мос равишда ошириш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ҳам ҳар йили кўпайтириб борилмоқда. Лекин бу масалалар кўпинча бир томонлама, яъни, давлат идораларининг ҳисоб-китоби ва таклифи билан ҳал қилинмоқда.

Шу боис, келгуси йилдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига оид қонунчилик ҳужжатлари лойиҳасини ишлаб чиқишга Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама республика комиссиясини (Касаба уюшмалари федерацияси, Бандлик вазирлиги, Иш берувчилар конфедерацияси) ҳам жалб қилиш таклиф қилинди.

Бу меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилашда ходимлар манфаатини кафолатли ҳимоя қилиш бўйича янгича ёндашув бўлади.

“Инсон қадри, унинг ҳаёт сифати фақат иш ҳақи билан эмас, балки ижтимоий муҳит билан ҳам белгиланади. Бунинг учун ходимларни уй-жой, сифатли таълим, тиббиёт ва транспорт хизматлари билан кафолатли таъминлаб, энг муҳим ҳаётий эҳтиёжларига етадиган даромад топишига шароит яратиб беришимиз зарур”, - деди президент.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид