Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда иқтисодиётда кутилаётган натижалар ва 2026 йил учун мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар муҳокама қилинди.
Йиғилишда қайд қилинишича, январь-сентябрь ойларида иқтисодиёт прогноздан анча юқори суръатда – 7,6 фоизга ўсди. Саноат ҳажми 6,8 фоиз, қурилиш – 14,2 фоиз, хизматлар – 14 фоиз, қишлоқ хўжалиги – 4,1 фоизга ошди.
Олтин-валюта захиралари ўтган йилга нисбатан 35 фоизга кўпайиб, 55 миллиард долларга етди. Нуфузли халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимиз иқтисодий истиқболларини юқори баҳоламоқда. “Fitch Ratings” илк бор мамлакатимиз суверен рейтингини бир поғонага оширган бўлса, “Moody’s” ва “S&P Global” ўз кутилмасини “барқарор”дан “ижобий”га ўзгартирди.
– Энг муҳими, эришилган натижалар аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиляпти, – деди давлат раҳбари.
Аҳоли даромадлари 18,4 фоизга, омонатлар 35,3 фоизга, ўртача иш ҳақи эса 19,2 фоизга ўсди.

Президент юқори ўсиш суръатларини йил якунигача сақлаб қолиб, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 135 миллиард доллардан ошириш иқтисодий комплекснинг асосий вазифаси бўлишини қайд этди.
Йиғилишда келгуси йил учун асосий режалар кўриб чиқилди.
Мутасаддилар келгуси йилда ўсиш суръатини 6,6 фоиз даражасида таъминлаб, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 150 миллиард доллардан ошириш, иқтисодиётга барча манбалардан камида 400 триллион сўм йўналтириш, инфляцияни 7 фоиздан ортиқ бўлмаган даражада сақлаб қолиш прогноз қилингани юзасидан ахборот берди.
Президент бу режаларга эришиш учун барча имконият ва шароит мавжудлигини таъкидлаб, ҳар бир вазирлик, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари жиддий эътибор қаратиши зарур бўлган муҳим масалаларни кўрсатиб ўтди.
2026 йилги бюджет лойиҳасида асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолаётган шароитда бюджет даромадларини изчиллик билан ошириб бориш, шу билан бирга, харажатлар қисмининг самарали сарфланиши устидан қатъий назорат ўрнатиш шартлиги қайд этилди.

Президент таъкидлаганидек, келгуси йилда харажатларни кескин қисқартириш ва самарадорликни ошириш барча даражадаги раҳбарлар учун асосий мезон бўлади.










