Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент Мирзиёевнинг иш ҳафтаси: иқтисодий йиғилиш, АҚШ делегацияси, ЮНЕСКО сессияси ва икки давлат раҳбари ташрифи
Бугун президент иқтисодий кўрсаткичлар бўйича кенгайтирилган йиғилиш ўтказади, куннинг иккинчи ярмида АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор бошчилигидаги делегацияни қабул қилади. Ҳафта давомида Самарқандда ЮНЕСКО бош конференциясининг 43-сессияси очилишида иштирок ҳамда Сербия ва Финландия президентларининг ташрифлари режалаштирилган.
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёевнинг янги иш ҳафтаси муҳим учрашув ва тадбирларга бой бўлиши кутилмоқда. Давлат раҳбари жорий йилда иқтисодиётда кутилaётган натижалар ҳамда 2026 йилга мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказади.
Куннинг иккинчи ярмига бориб, Президент АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор бошчилигидаги делегацияни қабул қилади. Суҳбатда минтақавий ҳамкорлик, савдо-инвестиция алоқалари, транспорт-логистика йўлаклари ва фан-техника соҳасидаги қўшма ташаббуслар муҳокама этилади.
Маълумки, Ўзбекистон тарихий тадбир — ЮНЕСКО бош конференциясининг 43-сессиясини қабул қилмоқда. Президент Самарқандга ташриф буюриб, илк бор Париждан ташқарида ўтаётган анжуман очилишида иштирок этади, маданият, илм-фан ва таълимдаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни илгари суради ҳамда қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Бундан ташқари, жорий ҳафтада мамлакатга Сербия президенти Александр Вучич ва Финландия президенти Александр Стубб ташриф билан келади. Саммитлар доирасида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади ва икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинади.
Тадбирлар натижалари ҳақида қўшимча маълумотлар расман эълон қилинади.