Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистонда бадавлат одамларнинг мулки оширилган ставкада солиққа тортилади
2026 йил 1 январдан кучга кирадиган Қозоғистоннинг янги Солиқ кодексида айрим қимматбаҳо товарлар ва мол-мулкларга оширилган солиқ солиниши назарда тутилган.
Қозоғистонда 450 млн тенге (тахминан 835 минг доллар) қийматидаги кўчмас мулкка эга бўлган шахслардан солиқлар оширилган ставка бўйича олинади. Солиқ кодексига киритилган тегишли ўзгаришлар 2026 йил 1 январдан кучга киради. Бу ҳақда Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Азамат Амрин тушунтириш берди.
Амриннинг сўзларига кўра, тизим алоҳида квартиралар ёки машиналар сонини эмас, балки мол-мулкнинг умумий қийматини ҳисобга олади.
«30-60 та хонадонга эга бўлган мулкдорлар бор. Ҳозир мол-мулк солиғи ҳар бир объект учун алоҳида ҳисобланяпти. Агар ҳаммасининг қийматини қўшсак, юз миллионлар ҳосил бўлади. Умумий қиймат 450 миллион тенгедан ошганда, оширилган ставка қўлланади», деб тушунтирди вазир ўринбосари.
Мисол учун, бир кишининг ҳар бири 10 миллион тенгелик 80 та квартираси бўлса, уларнинг умумий қиймати 800 миллион тенге бўлади. Солиқ ставкаси умумий сумманинг 1 фоизини, яъни 8 миллион тенгени ташкил этади.
Амрин сўзларига кўра, машина, яхта ва самолётлар учун солиқ бошқача ҳисобланади.
«Агар транспорт воситасининг нархи 75 миллион тенгедан (140 минг доллар) ошса, қўшимча 10 фоизлик акциз солиғи жорий этилади. Қозоғистон ичида хусусий шахслар ўртасида сотилганда ҳам, агар автомобил 75 миллиондан қиммат бўлса, худди шу ставка қўлланади», деди у.
Вазир ўринбосари сўзларига кўра, қимматбаҳо алкогол ва сигаралар учун оддий акциз солиғига нархнинг яна 10 фоизи қўшилади. Мўйна ва қимматбаҳо тақинчоқларга ҳозирча солиқ солинмайди.
«Биз рўйхатга олиш шарт бўлган нарсалардан бошладик: квартиралар, машиналар, яхталар. Буларнинг қийматини ҳисоблаш осон. Заргарлик буюмлари ва олтин - ҳозирча йўқ, уларни назорат қилиш қийин», деб тушунтирди Амрин.
2026 йил 1 январдан кучга кирадиган Қозоғистоннинг янги Солиқ кодексида алоҳида ҳашамат солиғи киритилмаган, бироқ айрим қимматбаҳо товарлар ва мол-мулкларга оширилган солиқ солиниши назарда тутилган.
Солиқ юкини янада адолатли тақсимлаш учун тўғридан-тўғри солиқ ўрнига ҳашаматли буюмларга оширилган акциз солиғи тизимига ўтиш таклиф қилинди. Вазирлик вакиллари бундай ёндашув солиқ солиш объектларини аниқ белгилаш ва инсофли солиқ тўловчилар учун салбий оқибатларнинг олдини олиш имконини беришини тушунтирди.
Ҳашамат солиғини жорий этиш ташаббуси Қозоғистонда оширилган акциз солиғини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинишидан олдин бир неча йил давомида муҳокама қилинган эди.
Мавзуга оид
00:26
Қозоғистон-Россия чегарасида автомобиллардан иборат кўп километрли тирбандлик юзага келди
17:49 / 02.06.2026
Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонда Евроиттифоқнинг депортация маркази ташкил қилинишини рад қилди
20:11 / 01.06.2026
Қозоғистонда янги «ҳокимият партияси» - «Адолат» расман рўйхатга олинди
18:42 / 01.06.2026