Жаҳон | 23:05 / 18.10.2025
3701
2 дақиқада ўқилади

Исроил гаровга олинганларнинг жасади қайтарилгунга қадар «Рафаҳ» пунктини очмайди

Айни пайтда Ғазода ҳалок бўлган исроиллик гаровга олинганларнинг 18 жасади қолмоқда.

Фото: Anadolu agency

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Миср ва Ғазо сектори ўртасидаги «Рафаҳ» назорат-ўтказиш пунктини «кейинги огоҳлантиришгача» очмасликни буюрди. Унинг идорасида айтилишича, назорат-ўтказиш пункти «ҲАМАС ҳалок бўлган гаровга олинганларни қайтариш ва келишилган режани амалга ошириш бўйича ўз иши бир қисмини қандай бажаришига қараб» очилади. Айни пайтда Ғазода ҳалок бўлган исроиллик гаровга олинганларнинг 18 жасади қолмоқда.

Аввалроқ Фаластиннинг Мисрдаги элчихонаси ўтиш жойи 20 октябр куни очилишини маълум қилганди. Бу Мисрда яшовчи фаластинликларга Ғазо секторига қайтиш имконини беради. Чегара асосан 2024 йил май ойидан бери ёпиқлигича қолмоқда.

«Рафаҳ» назорат-ўтказиш пунктининг очилиши ва тирик ва ўлик гаровга олинганларнинг қайтарилиши Ғазо секторида тинчликка эришиш бўйича «Трамп режаси»нинг бир қисми бўлиб, Исроил ҳам, ҲАМАС ҳам бунга рози бўлган.

ҲАМАС Ғазода қолган исроилликларнинг жасадини 13 октябр куни - сўнгги тирик гаровга олинганлар қўйиб юборилганидан кейин қайтаришни бошлади. Маълумотларга кўра, бугунги кунда Ғазода 18 кишининг жасади сақланмоқда: 15 нафар исроиллик, икки нафар Таиланд фуқароси ва Танзания фуқароси. Аввалроқ ҲАМАС жасадларнинг бир қисми вайроналар остида қолганини ва уларни қидириш учун қўшимча вақт ва махсус техник воситалар кераклигини айтганди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид