Жаҳон | 11:09 / 20.10.2025
4886
2 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами етказилишини тўхтатди

ҲАМАСнинг ҳужуми икки исроиллик аскарнинг ҳаётига зомин бўлди, шундан сўнг ЦАҲАЛ ўнлаб объектларга зарба берди ва Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказилишини тўхтатди.

Фото: Amir Cohen/REUTERS

Исроил хавфсизлик хизматининг аноним амалдори 19 октябр, якшанба куни ахборот агентликларига хабар беришича, Исроил Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказиб беришни тўхтатиб қўйди

Гуманитар ёрдам етказиб бериш «кейинги билдиришномага қадар» тўхтатилди, аммо Исроил расмийлари ҳали бу ҳақда расмий эълон қилмаган. Axios'нинг АҚШ расмийсига таяниб хабар беришича, Исроил душанба куни эрталаб Вашингтонга гуманитар ёрдам учун ўтиш жойларини қайта очиши ҳақида маълум қилган.

19 октябр куни эрталаб Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) ҲАМАСни ўт очишни тўхтатиш режимини бузганликда айблади ва Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ ҳудудидаги ҲАМАС инфратузилмасига жавоб зарбалари берилганини маълум қилди. Кейинроқ Исроил ҲАМАС ҳужумида икки аскар ҳалок бўлгани ва уч нафари яралангани ҳақида хабар берди. Исроил бунга артиллерия ва ҳаво ҳужумлари билан жавоб берди.

Дастлабки терговга кўра, бир гуруҳ ҲАМАС жангчилари Исроил назорати остидаги ҳудуддаги туннелдан чиқиб, исроиллик аскарларга қарата гранатометдан ўқ узган ва снайперлардан фойдаланган. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳарбийларга «Ғазо секторидаги террорчилар нишонларига қарши қатъий чоралар кўриш»ни буюрганини маълум қилди.

Исроилнинг Channel 12 телеканали хабар беришича, Нетаняҳу мамлакат мудофаа вазири ва юқори мартабали хавфсизлик амалдорлари ўртасида бўлиб ўтган маслаҳатлашувлар чоғида, «сулҳнинг барбод бўлишининг» олдини олиш билан бирга, ҲАМАС ҳужумларига «қаттиқ жавоб» бериш тўғрисида қарор қабул қилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид