Технология | 19:05 / 21.10.2025
3799
2 дақиқада ўқилади

Википедия ўқувчилари сони камаймоқда: бунга сабаб – сунъий интеллект ва қисқа видеолар

Сўнгги йилларда Википедия дунёдаги энг йирик билим манбаларидан бири бўлиб келмоқда. Ҳар биримиз тез-тез унга мурожаат қилиб, керакли маълумотни излаб топамиз. Бироқ Wikimedia Foundationʼнинг янги ҳисоботига кўра, сайтни инсонлар томонидан ўқишлар сони бир йил ичида 8 фоизга қисқарган.

Фото: Википедия

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу пасайишнинг асосий сабаби – одамлар маълумот излаш одатларининг ўзгариши. Бугун кўпчилик сунъий интеллект тизимлари таклиф қиладиган тайёр жавоблардан ёки ижтимоий тармоқлардаги қисқа контентлардан фойдаланмоқда

Шу боис фойдаланувчилар аввалгидек Википедиа саҳифаларига тез-тез ўтмай қўйишди.

Фонд вакили Маршалл Миллер шуни ҳам очиқладики, янги ботларни аниқлаш тизими ишга тушгач, илгари кузатилган баъзи ўсишлар аслида одамлар эмас, балки автоматлаштирилган дастурлар томонидан яратилгани маълум бўлган.

Шунга қарамай, асосий хавф омили – СИ берадиган жавоблар ва ёшларда машҳур бўлган қисқа видеоконтент. Улар одамларни саҳифага ўтишдан тўхтатмоқда.

Википедиа маълумотлари ҳануз генератив СИ тизимларида фаол ишлатилмоқда. Аммо ташрифлар сонининг камайиши икки муаммо туғдиради. Яъни янги кўнгиллиларни жалб қилиш қийинлашади ва хайрия маблағлари қисқаради.

Викимедиа бу вазиятга қарши бир неча чораларни кўрмоқда. Жумладан, контент манбаини кўрсатиш (аттрибуция) тизими ишлаб чиқилмоқда, янги ўқувчиларни жалб қилиш бўйича лойиҳалар йўлга қўйилмоқда.

Маршалл Миллер фойдаланувчиларга мурожаат қилиб шундай дейди:

“Ҳаволаларга ўтинг, мақолаларни ўқинг ва унутманг — бу билимларни сиз учун ҳақиқий одамлар яратмоқда.”

Сунъий интеллект ва қисқа видеолар маълумот олишни тезлаштириши мумкин. Аммо инсонлар яратган билимларни қўллаб-қувватлаш келажакда ишончли ва сифатли контент сақланиши учун муҳим омил бўлиб қолмоқда.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид