Ўзбекистон | 19:51 / 23.10.2025
2705
2 дақиқада ўқилади

Италия компанияси Ўзбекистондаги АЭС қурилишини назорат қилишга жалб этилиши мумкин

«Ўзатом» директори Азим Аҳмадхўжаев Италиянинг Ansaldo Nucleare компанияси раҳбарияти билан учрашди.

Фото: Ўзатом

Италиянинг Ansaldo Energia холдинги Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилишига жалб этилиши мумкин. Бу ҳақда «Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, «Ўзатом» директори Азим Аҳмадхўжаев Ansaldo Energia холдинги ва унинг атом энергетикаси технологияларига ихтисослашган компанияларидан бири — Ansaldo Nucleare раҳбарияти билан учрашди.

Томонлар Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга оширишда технологик интеграция ва италиялик ҳамкорларнинг ёрдамчи тизимлари ечимларини Ўзбекистон иқлим шароитига мослаштириш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришни муҳокама қилди.

Хусусан, холдинг компанияларини Ўзбекистонда АЭС қурилиши лойиҳасини амалга оширишни назорат қилиш, шунингдек, самарали ёрдамчи ечимларни ишлаб чиқиш учун техник маслаҳатчилар сифатида жалб қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Ansaldo Nucleare компаниясининг ўз ишланмаси бўлган ишлатилган ядро ёқилғисини бошқариш тизимларини олиш имконияти билан радиоактив чиқиндилар билан ишлаш соҳасида компания билан ўзаро ҳамкорлик қилиш хусусиятлари батафсил ўрганилди.

Шу билан бирга, Италия томони миллий норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш ва лицензиялаш бўйича маслаҳат фаолиятини амалга ошириш, шунингдек, икки мамлакат манфаатлари йўлида атом соҳасида технологияларни доимий равишда такомиллаштириш ва кадрлар тайёрлаш мақсадида қўшма илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ташкил этишга қизиқиш билдирди.

Жиззах вилоятининг Фориш туманида кичик қувватли атом электр станцияси (АЭС) реактори биноси учун пойдевор котлованини қазиш ишлари бошланди.

Ўзатом хабарига кўра, АЭС реакторини жойлаштириш учун 2026 йил март ойида биринчи бетонни қуйиш кўзда тутилган.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид