Жаҳон | 19:44 / 23.10.2025
7647
6 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу Туркия ҳарбийлари Ғазога киришига қарши. Оқ уй эса сулҳ бузилишидан хавотирда

Бинямин Нетаняҳу Туркия кучларининг Ғазога киришига қатъий қаршилигини билдирди. Сулҳ битими бузилишидан хавотирланган Трамп маъмурияти шу кунларда вице-президенти Венс, махсус элчи Уиткофф ва Жаред Кушнер каби ишончли вакилларни Исроилга юборди. Туркия ва Қатар эса сулҳнинг иккинчи босқичига тайёрланмоқда.

Фото: Reuters

Сўнгги кунларда АҚШ амалдорлари кетма-кет Исроилга келмоқда. Президент Доналд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва куёви Жаред Кушнер анчадан буён Исроилда. Куни-кеча АҚШ вице-президенти Ж.Д. Венс Исроилга келди, бугун давлат бош котиби Марко Рубио ҳам келиши кутилмоқда.

АҚШ расмийсининг Reutersʼга айтишича, бу ҳафтадаги ташрифлари сулҳ жараёнига туртки беришга мўлжалланган. Венс эса 22 октябрь куни Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан учрашувда ҳам сулҳ сақлаб қолиниши ҳақида гапирди.

«Бу осон эмас, лекин мен оптимистман — сулҳ сақланади ва Яқин Шарқда яхшироқ келажак қуришимиз мумкин», — деди у.

Шунингдек, у Ҳамас Исроилга «таҳдид бўлмаслиги кераклигини» айтди.

«Биз олдимизда жуда оғир вазифани кўряпмиз: Ҳамасни қуролсизлантириш, Ғазони қайта тиклаш ва одамларнинг ҳаётини яхшилаш. Лекин айни пайтда Ҳамас томонидан энди Исроилга таҳдид бўлмаслигига ишонч ҳосил қилиш».

Фото: White House

Шу кунларда, кучга кирганига қарийб 2 ҳафта бўлган Ғазо бўйича сулҳ режасининг иккинчи босқичи бошланиш арафасида турибди. Унга кўра, Ҳамас қуролсизланиши ва халқаро назорат остида фаолият юритувчи фаластинликлар қўмитаси ташкил этилиши керак. Шу билан бирга, текширувдан ўтган фаластинлик полиция кучларини халқаро миссия қўллаб-қувватлаши назарда тутилган.

New York Times'га анонимлик шарти билан гапирган АҚШ расмийларининг сўзларига кўра, Оқ уй маъмуриятида Бинямин Нетаняҳу сулҳ битимидан чекиниши мумкинлиги борасида хавотирлар мавжуд.

Ташриф давомида Исроилда ташкил этилган фуқаролик-ҳарбий мувофиқлаштириш марказида бўлган вице-президент Венс ҳам «доимий тинчликни таъминлаш осон бўлмаслигини» тан олган эди.

Нетаняҳу Туркия масаласида рози эмас

Қуддусда АҚШ вице-президенти билан чиқиш қилган бош вазир Нетаняҳу, улар «Ғазо урушидан кейинги давр», жумладан, бу ҳудудда хавфсизликни ким таъминлаши ҳақида гаплашганини айтди.

Фото: Reuters

Туркия кучларининг Ғазодаги роли ҳақида сўралганда Нетаняҳу қисқа жавоб берди:

«Бу масалада менинг жуда қатъий фикрларим бор. Тахмин қилмоқчимисиз, улар қандай?» деди у.

Ҳозирча Туркия Ташқи ишлар вазирлиги бу борадаги гап-сўзларга изоҳ бермаган. АҚШ вице-президенти Жеймс Венс ҳам аввалроқ «Туркия конструктив роль ўйнаши мумкин», деган бўлса-да, Исроилга «ўз ҳудудида хорижий қўшинларни қабул қилиш» масаласида босим ўтказмаслигини айтган.

Яна бир ҳолат. Шу ҳафтада Исроил парламенти Ғарбий Соҳилни аннексия қилиш бўйича дастлабки қонун лойиҳасини маъқуллади — бу Трамп режасида қатъиян тақиқланган қадамдир. Бу сулҳнинг кейинги босқичи учун янги сиёсий тўсиқ.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио бу қарорни танқид қилди: «Мен Исроилнинг аннексия ташаббусини қўллаб-қувватламайман. Бу тинчлик битимига жиддий таҳдид туғдиради», деди у.

Туркияни нега сулҳ келишувидан чиқариб бўлмайди?

Авваллари илиқ бўлган Туркия-Исроил муносабатлари Ғазо уруши даврида кескин ёмонлашди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроилнинг Ғазодаги геноцид кўринишидаги ҳужумларини ва минтақадаги ҳаракатларини кескин танқид қилди. Бундан ташқари, Сурия масаласи ҳам икки давлатнинг чегарадош қўшниси сифатида уларнинг рақобат майдонига айланди.

Фото: ABCNews

Лекин, Трамп ва Эрдўғаннинг шахсий алоқалари туфайли Туркия ва Қатар Ҳамасни сулҳга кўндиришда муҳим роль ўйнади. Бундан ташқари, расмий Анқара халқаро сулҳни кузатувчи кучлар таркибида қатнашишга тайёрлигини, Туркия армияси заруратга кўра ҳарбий ёки фуқаровий роль ўйнаши мумкинлигини билдирди.

Шу кунларда Туркия ва Қатар ҳам сулҳнинг кейинги босқичига тайёрланмоқда. Хусусан, Туркия Миллий разведка бошқармаси раҳбари Иброҳим Калин ва ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Доҳада Ҳамас расмийлари билан учрашди. Бу учрашув Эрдўған ва Қатар амири Шайх Тамим ўртасидаги музокаралардан бир кун олдин бўлиб ўтди.

Фото: Туркия ташқи ишлар вазирлиги

Турк дипломатларининг айтишича, сулҳ «ниҳоятда нозик босқич»га кирган. "Ҳамаснинг сиёсий келажаги ёки Ғазода халқаро кузатув кучларини тузиш масаласи муҳокама қилинганми?" деган саволга жавобан, турк расмийларидан бири: «Бу борада ҳали аниқ қарорлар қабул қилинмаганини» айтди. Унинг сўзларига кўра, бу масалалар «жараён давомида Исроил ва АҚШ позициясига боғлиқ бўлади».

Сулҳдан кейин Ғазода нима бўляпти?

10 октябрь куни кучга кирган сулҳдан кейин Ҳамас исроиллик тирик гаровдагиларнинг ҳаммасини озод қилди. Исроил эса 2 мингга яқин фаластинлик маҳбусни қўйиб юборди. Исроил ҳам Ҳамас аскарлари, деб ҳисобланган жасадларни қайтармоқда. Лекин Ғазо соғлиқни сақлаш идоралари кўплаб жасадлар қийноқлардан таниб бўлмайдиган ҳолга келганини айтмоқда.

Ҳамас эса ўтган йили ўлдирилган 28 гаровдагидан 15 жасадни топширган. Венснинг айтишича, қолганлари орасида баъзилари вайроналар остида қолган бўлиши мумкин, шунинг учун «бироз вақт кераклигини» айтди. Буни олдинроқ Ҳамас ҳам айтганди.

Исроил қайтарган жасадлар Ғазода дафн қилинмоқда / Фото: AFP

Алмашинувларга қарамай, Ғазодаги тинчлик ҳали ҳам мўрт: гаровдагилар жасадларини қайтариш, ёрдам киритиш ва чегара ўтишлари бўйича тортишувлар давом этмоқда.

Ҳамас сулҳдан кейин секторда хавфсизликни таъминлаш ва назоратни мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.

Ўтган ҳафта охирида эса жанубий Ғазода икки исроиллик аскар ўлдирилгани айтилганди. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотига кўра, сулҳ бошланганидан бери Исроил ҳужумларида 88 нафар фаластинлик, жумладан, тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган. Уруш бошланганидан буён Ғазо геноцидининг қурбонлари эса 68 минг кишидан ошган.

Мавзуга оид