Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путиннинг санкцияларга жавоби, Ғарбий соҳил аннексиясига қарши Трамп ва Литва осмонидаги самолётлар – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Путин санкцияларни «таъсирсиз» деб атади
АҚШ президенти Доналд Трамп Кремлга Украинадаги урушни тугатиш учун босим ўтказиш мақсадида Россиянинг иккита энг йирик нефт компаниясига санкциялар қўллаганидан кейин глобал бозорда нефт нархлари 5 фоизга ошди.
Reuters манбаларига кўра, АҚШ санкциялари Хитойнинг давлат нефт гигантларини қисқа муддатда Россия нефтини сотиб олишни тўхтатишга ундаган. Денгиз орқали Россия нефтининг энг йирик харидори бўлган Ҳиндистондаги нефтни қайта ишлаш заводлари ҳам хом нефт импортини кескин қисқартиришга тайёрланмоқда.
Путин санкцияларни дўстона бўлмаган ҳаракат деб атади, улар Россия иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатмаслигини айтди ва Россиянинг глобал бозордаги аҳамиятини таъкидлади. У таъминотнинг кескин пасайиши нархларни кўтариши ва Қўшма Штатлар каби мамлакатлар учун ноқулай бўлиши ҳақида огоҳлантирди.
«Бу, албатта, Россияга босим ўтказишга уринишдир. Аммо ҳеч бир ўзини ҳурмат қиладиган мамлакат ва ўзини ҳурмат қиладиган халқ ҳеч қачон босим остида ҳеч нарса ҳал қилмайди», деди Путин.
Путиннинг янги санкциялар сезиларли таъсир кўрсатмаслиги ҳақидаги изоҳи ҳақида сўралганда, Трамп шундай деди: «Унинг шундай фикрда эканидан хурсандман. Бу яхши. Мен бу ҳақда олти ойдан кейин сизга хабар бераман».
Украина Ғарбдан узоқ масофали ракеталар сўраётгани фонида Путин Россиянинг ички ҳудудлари ўққа тутилишига «жуда жиддий» жавоб қайтарилиши билан огоҳлантирди
Европа Иттифоқи раҳбарлари ва Украина президенти Володимир Зеленский пайшанба куни Брюсселда Украинани молиялаштириш масаласини муҳокама қилиш учун учрашди.
Улар кейинги икки йил давомида Украинанинг шошилинч молиявий эҳтиёжларини қондиришга келишиб олди. Аммо Белгия томонидан хавотирлар билдирилганидан сўнг, Киевга катта миқдорда кредит бериш учун Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиш қўллаб-қувватланмади. Москва олдинроқ унинг пул ва олтинлари мусодара қилинса, «оғриқли жавоб» беришини айтганди.
Трамп Исроилнинг Ғарбий соҳилни аннексия қилиш таклифини рад этди
22 октябр куни Исроил парламенти Фаластиннинг бир қисмини аннексия қилишга тенг бўлган Ғарбий соҳилга Исроил қонунларини қўллашга қаратилган қонун лойиҳасини дастлабки тарзда маъқуллади.
Овоз бериш ўнг қанот коалициясида бўлган Исроилнинг радикал амалдорлари: миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ва молия вазири Безалел Смотрич томонидан қўллаб-қувватланган гуруҳ томонидан ташкил қилинди.
Нетаняҳу бир неча бор Фаластин давлатчилигини рад этган. Унинг кабинети аннексия ғоясини йирик Ғарб иттифоқчилари яқинда Фаластин давлатини тан олиб, Исроилга Ғазодаги ҳалокатли урушни тўхтатиш учун босим ўтказишга жавоб сифатида кўриб чиқди.
АҚШ вице-президенти Ж.Д. Вэнс ҳам аввалроқ Исроилга ташрифи чоғида Трамп Ғарбий соҳилни аннексия қилишга қарши чиқишини ва бу амалга ошмаслигини айтган эди. «Агар бу сиёсий ҳийла бўлса, бу жуда аҳмоқона иш ва мен шахсан бунга ҳақорат билан қарайман».
«Президент Трампнинг сиёсати шундаки, Ғарбий соҳил аннексия қилинмайди. Бу ҳар доим бизнинг сиёсатимиз бўлади», деди Вэнс Исроилга икки кунлик ташрифи якунида. Трампнинг ўзи эса «Ғарбий соҳил ҳақида ташвишланманг», деди Оқ уйдаги тадбирда. «Исроил Ғарбий соҳил билан ҳеч нарса қилмайди».
Ғарбий соҳил бўйлаб яҳудий аҳоли пунктларида юз минглаб одамлар яшайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва халқаро ҳамжамиятнинг аксарияти бу аҳоли пунктларини халқаро ҳуқуққа кўра ноқонуний ва босиб олинган деб ҳисоблайди.
Трамп Канада билан савдо музокараларини тўхтатмоқда
АҚШ президенти Доналд Трамп пайшанба куни кечқурун Канада билан барча савдо музокараларини тўхтатаётганини айтди. У Truth Social'да «Канада собиқ президент Роналд Рейганнинг тарифлар ҳақида салбий гапирган рекламасидан фирибгарлик билан фойдаланганини» даъво қилди.
«Тарифлар АҚШ миллий хавфсизлиги ва иқтисодиёти учун жуда муҳим. Уларнинг қўпол хатти-ҳаракатларига асосланиб, Канада билан барча савдо музокаралари тўхтатилади», деб ёзди Трамп.
Трамп Қўшма Штатлар учун иккинчи йирик савдо шериги бўлган Канадага нисбатан тажовузкор позицияни эгаллади. У кўплаб товарларга икки хонали тарифларни жорий қилди ва Канада АҚШнинг 51-штати бўлиши кераклигини бир неча бор таъкидлади.
Қўшма Штатлар, Канада ва Мексика келгуси ёзгача якунланиши режалаштирилган умумий эркин савдо битимини қайта кўриб чиқишга тайёргарлик кўрмоқда.
Трамп ўз постида тилга олган реклама ролиги эса Онтарио штати ҳукумати томонидан олиб ташланди. Ушбу рекламада АҚШ собиқ президенти Роналд Рейганнинг 1987 йилдаги «тарифларни иқтисодиёт учун ҳалокатли» деб қоралаган аудиоёзуви ишлатилган. Ушбу реклама АҚШ телеканалларида кетиши керак эди.
Ушбу рекламада Рейганнинг овози билан ушбу сўзлар келтирилган эди:
«Кимдир келинг, хорижий импортга тарифларни жорий қилайлик, деганда, улар Америка маҳсулотларини ҳимоя қилиш орқали ватанпарварлик ишини қилаётганга ўхшайди. Аммо тарифлар зарар келтиради. Бозорлар қисқаради ва қулайди, саноат ёпилади ва миллионлаб одамлар ишини йўқотади».
НАТО осмонида яна рус самолётлари
Литва армияси пайшанба куни Россиянинг икки ҳарбий самолёти чегарани кесиб ўтиб, НАТО давлатининг ҳаво ҳудудида 18 сония қолганини хабар қилди.
Литва ҳарбий ҳаво кучлари Россиянинг СУ-30 ва ИЛ-78 самолётларини Кибартай, ичкарига 700 метр кирган вақтида аниқлади.
Испания ҳаво кучларининг иккита Eurofighter самолёти бунга жавобан ҳавога кўтарилган.
Литва президенти Гитанас Науседа бу ҳаракатни «халқаро ҳуқуқ ва Литванинг ҳудудий яхлитлигини қўпол равишда бузиш» деб атади.
Шунингдек, Литва Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчихонаси вакилларини Россиянинг «бепарво ва хавфли хатти-ҳаракатлари»га қарши норозилик билдириш учун чақиришини таъкидлади.
Россия Мудофаа вазирлиги пайшанба куни ўз самолётлари ҳавода бўлганини тасдиқлади, аммо улар Литва ҳаво ҳудудига кирганини рад этди.
«СУ-30 қирувчи самолётлари Россиянинг Болтиқбўйи Калининград вилояти устидан режалаштирилган ўқув парвозини амалга оширди ва бошқа давлатларнинг чегараларини бузмади», дейилади баёнотда.
Бунга қадар Полша, Руминия, Дания, Латвия, Эстония ва Литва сўнгги бир неча ҳафта ичида Россия дронлари ёки самолётлари томонидан ҳаво ҳудудининг бузилганини билдирган эди.
Ҳамас фаластинлик гуруҳлар билан мулоқотга киришмоқда
Ҳамас 23 октябр куни фаластинлик барча фракциялар билан миллий мулоқотга киришаётганини маълум қилди. Бу эълон Ҳамас ва Фатаҳ вакиллари ўртасида Қоҳирада сулҳ битимининг иккинчи босқичи ва анклавнинг келажагини муҳокама қилиш учун бўлиб ўтган учрашувга тўғри келди.
Anadolu агентлигига берган интервюсида Ҳамас вакили Ҳаззим Қосим ҳаракат «очиқлик билан миллий мулоқотга киришаётганини ва Фаластин маъмурияти ва бошқа миллий кучларга қўл узатаётганини» айтди. Шунингдек, у ҳокимият «четлаб ўтиб бўлмайдиган Фаластин институтларидан бири» эканини таъкидлади.
У «ҳозирги давр нафақат Ҳамас учун, балки Ғазо ва Ғарбий соҳилдаги бутун Фаластин халқи учун хавфли» деб огоҳлантирди.
Ҳамас вакили ҳаракат Ғазодаги сулҳ битимини «барча тафсилотлари билан» амалга оширишга тўлиқ содиқлигини тасдиқлади ва воситачиларни Исроилнинг сулҳга риоя қилинишини таъминлаш учун босим ўтказишга чақирди.
Қосимнинг сўзларига кўра, Ҳамас Туркия, Миср ва Қатардан аниқ кафолатлар, шунингдек, Қўшма Штатлардан тўғридан тўғри кафолатлар олди, уларда «уруш амалда тугагани» ва келишув шартларини бажариш «унинг тўлиқ якунланиши» экани айтилган.
У Ҳамаснинг асосий мақсади «Ғазо секторида Фаластин халқига қарши урушга тўлиқ ва узоқ муддатли чек қўйиш» эканини таъкидлади.
У Исроилни «гуманитар шарт-шароитларни сиёсий савдолашиш воситаси сифатида» ишлатишда айблади ва ёрдам кўрсатишга рухсат бериш, қайта очарчиликнинг олдини олиш учун шошилинч чоралар кўришга чақирди.
Мавзуга оид
22:46 / 05.12.2025
Янги энергетика қувватлари ва Гулистондаги портлашдан сўнг қамоққа олинганлар — маҳаллий дайжест
22:47 / 04.12.2025
Президент газ портлашида жабрланганлар билан учрашди ва 4,5 млн тонналик пахта режаси – маҳаллий дайжест
22:05 / 03.12.2025
Тошкентда тунги экорейдлар ва Гулистон бозоридаги фожиа – маҳаллий дайжест
23:11 / 02.12.2025