Жаҳон | 22:02 / 29.10.2025
6636
4 дақиқада ўқилади

“Президентларнинг Марказий Осиёга умуман келмагани – Америка дипломатиясининг нуқсони” – сиёсатшунос 

6 ноябр куни Вашингтонда Марказий Осиё–АҚШ саммити ўтказилади. Аслида бу йилги мулоқот минтақанинг бирор давлатида АҚШ президенти иштирокида ўтказилиши кутилганди, бироқ бундай бўлмади. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича, ҳалигача бирор АҚШ президентининг Марказий Осиёга ташриф буюрмагани – Америка дипломатияси нуқсони ҳисобланади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Kun.uz бу гал Вашингтонда ўтувчи С5+1 минтақавий мулоқот юзасидан жонли эфирда муҳокама ўтказар экан, унда қатнашган сиёсатшунослар – Ойбек Сирожов ва Камолиддин Раббимов фикрича, ушбу дипломатик платформа регион учун жуда муҳим. 

Аввало, АҚШ Марказий Осиё билан ҳамкорликда бу давлатларнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш тамойилларига содиқлигига урғу беради. Бу эса кескинлашган геосиёсий майдонда минтақа манфаатлари учун ижобий импулс яратади. Бундан ташқари, Вашингтон учун Марказий Осиёнинг шимолдан ва шарқдан қўшнилари – Россия ҳамда Хитойни тийиб туриш – стратегик вазифа. Шундай вазиятда ушбу минтақа билан мулоқот маромида давом этиши керак. 

Лекин Россия–Украина уруши фонида Россиянинг рақобатчи ёки душманлик “статуси” борган сари сўниб бормоқда. АҚШ учун бу давлат “сўнаётган империя”ни англатса, Хитой яқин ва узоқ келажакда асосий рақобатчи ёки душман. 

“Бир камар – бир йўл” формати орқали тарихий Буюк ипак йўлини тиклаш ташаббусига жиддий инвестиция қилган Хитойнинг региондаги бугунги роли эса Вашингтонни ташвишга солади. АҚШ келажакдаги Хитой билан тирашувга тайёргарлик кўраркан, Марказий Осиёнинг ундай вазиятдаги сўзи беқиёс аҳамият касб этади. Шунинг учун Вашингтон ҳозирданоқ бу элементларни ҳисобга олишни бошлаган. 

Айниқса, Марказий Осиё–АҚШ мулоқот форматининг сўнгги йилларда президентлар даражасига чиққани буни исботлайди. Даставвал фақат давлат котиблари ва беш давлат ташқи ишлар вазирлари даражасида тузилган бу формат 2023 йилда етакчилар даражасига чиқди. Тарихда илк бор АҚШ президенти Жо Байден Марказий Осиё лидерларини Ню Йоркда қабул қилиб, саммит ўтказди. 

Формат 2015 йилда тузилиб, орадаги йилларда кетма-кет давлат котибисиз ўтган саммитлардан кейин бу катта ютуқ эди. Лекин 2025 йилги саммит минтақанинг бирор давлатида АҚШ президентининг иштирокида ўтишига ҳаракат ва ишонч бор эди. Бироқ Трамп бу йили минтақа президентларини Оқ уйда қабул қилади. 

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича, бу давлатлар мустақил бўлганига 34 йил бўлганига қарамай бирор АҚШ президентининг Марказий Осиёга келмагани – Америка дипломатиясининг нуқсони. 

Хитой раҳбарлари ҳаммаси келяпти, ҳаттоки икки мартадан. Биз АҚШ учун шундай «уникал» минтақамизки, биттаям президент келмади. Келиш керак, аслида бу Америка дипломатиясининг нуқсони. Хитой раисларининг келиши эса – Хитой дипломатиясининг ютуғи”, - дейди сиёсатшунос. 

Ойбек Сирожов фикрича, минтақанинг қайси давлатига келса ҳам бу минтақавий ташриф ҳисобланади. 

Ўзбекистоннинг бу борадаги имкониятлари катта. Лекин қайси давлатга келиши муҳокамаси уларнинг қулоғига ҳам етиб боради. Интеграция ҳақида гапирилаётган бир онда бу яхши эмас, қайси давлатга келса ҳам бу минтақавий сафар ҳисобланади”, дея қўшимча қилади сиёсатшунос.

Мавзуга оид