Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Сулҳ хавф остида эмас» – Трамп Исроилнинг Ғазога берган зарбалари «қасос» эканини айтди
Ғазода давом этаётган сулҳга қарамай Исроил секторга берган авиазарбалари натижасида камида 26 киши ҳалок бўлди. Доналд Трамп зарбаларни «исроиллик аскар ўлдирилгани учун жавоб» деб атади ва сулҳ сақланаётганини билдирди. Ҳамас эса ҳужумга алоқаси йўқлигини айтиб, Исроилнинг ўзини сулҳ бузишда айблади.
Фото: New York Times
Исроил ҳарбийлари сешанба куни тунда Ғазога авиазарбалар берди. Ғазо соғлиқни сақлаш идораларига кўра, зарбалар натижасида камида 26 киши ҳалок бўлди; жумладан Бурейж қочқинлар лагерида бир уйнинг зарба олиши оқибатида беш киши, Сабра маҳалласидаги бинода тўрт киши ва Хон Юнусда бир машинада беш киши ҳалок бўлган.
Гувоҳлар айтишича, Исроил самолётларининг зарбалари чоршанба куни тонггача Ғазо бўйлаб давом этган.
Бу зарбалар Бинямин Нетаняҳу офиси томонидан у дарҳол «кучли ҳужумлар»ни буюргани ҳақида берган баёнотдан кейин содир бўлди. Баёнот зарбаларнинг аниқ сабабини кўрсатмаган. Reutersʼнинг ёзишича, Исроил расмийси — Ҳамас уларнинг назоратидаги ҳудуддаги исроиллик кучларга қилган ҳужуми ҳақида гапирган.
Ҳамас эса Исроил томонидан сулҳнинг бузилишидан сўнг баёнот бериб, «сулҳ шартларига риоя қилаётгани ва Рафаҳдаги қуролли ҳодисага алоқаси йўқлигини» билдирди.
«Ғазога уюштирилаётган ҳужумлар — сулҳни издан чиқаришга қаратилган занжирнинг бир қисмидир. Биз воситачиларни дарҳол аралашишга ва Исроилга босим ўтказишга чақирамиз», дейилади гуруҳ баёнотида.
Ҳамас олдин ҳам Ғазодаги бошқа қуролли гуруҳлар билан алоқада эмаслиги, уларнинг ҳужумлари учун жавоб бермаслигини билдирганди. Айрим таҳлилчиларга кўра, бу Исроил томонидан Ғазога ҳужумларни қайта бошлаш учун провокация ҳам бўлиши мумкин.
Исроилнинг ҳужумларидан сўнг АҚШ президенти Доналд Трамп Ғазодаги сулҳ хавф остида эмаслигини айтди.
«Қайд этилишича, улар бир исроиллик аскарни ўлдиришган», — деди Трамп Air Force One'даги мухбирларга. «Шундай бўлгач, исроилликлар жавоб берди ва улар жавоб бериши керак. Бундай бўлганда, жавоб беришлари керак», — деб қўшимча қилди у.
Трампга кўра, сулҳ ҳеч нарса билан хавф остига қўйилмайди.
«Ҳамас Яқин Шарқдаги тинчликнинг жуда кичик бир қисмидир. Агар улар (Ҳамас) яхши бўлишса, хурсанд бўлади; агар яхши бўлмаса, уларнинг ҳаёти тугатилади. Ҳеч ким исроиллик аскарга нима бўлгани ҳақида билмайди, аммо улар снайпер ўқи билан ўлдирилганини дейишяпти. Ва бу бунга кўра қасос бўлди ва менимча улар бунга жавоб беришга ҳақли», дея Трампнинг сўзларини келтирмоқда Reuters нашри.
Трамп шунингдек сулҳ жараёни олдинга силжиётганини билдириб, «биз иккинчи босқичга ўтмоқдамиз», дея таъкидлади.
Ғазода АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган сулҳ шартномаси 10 октябрь куни кучга кирганди. Томонлар шундан сўнг жангларни тўхтатиб, асирлар ва маҳбусларни алмашиш жараёнини бошлаган. Шунга қарамай, Ғазода ўт очиш ҳолатлари кузатилиб турибди.
Мавзуга оид
12:51
«Ҳақиқат бўлишига жуда кучли асослар бор» – БМТ Бош котиби Ғазодаги уруш жиноятлари ҳақида
16:58 / 04.12.2025
Ғазо вайроналари орасида 54 жуфтлик учун оммавий тўй ўтказилди – фотолар
08:52 / 04.12.2025
Трамп: Путин келишув тузишни ва «нормал ҳаётга қайтишни» истаяпти
15:57 / 03.12.2025