Жаҳон | 23:19 / 30.10.2025
1729
3 дақиқада ўқилади

Хитой тиббиёт ва молия бўйича маслаҳат берувчи блогерларга дипломли бўлиш талабини қўйди

Энди ушбу соҳаларда маслаҳат ёки таҳлил улашадиган блогерлар тегишли маълумотга, лицензияга ёки малакасини тасдиқловчи сертификатга эга бўлиши керак.

Фото: Getty images

2025 йил 25 октябрдан бошлаб Хитойда янги қоидалар кучга кирди, уларга кўра инфлюенсерлар (блогерлар) касбий мавзулар - тиббиёт, молия, ҳуқуқ ёки таълим бўйича контент жойласа, малакасини тасдиқлаши шарт.

Қарор интернет-маконини назорат қилувчи давлат органи - Хитой кибермакон маъмурияти (CAC) томонидан қабул қилинган. Энди ушбу соҳаларда маслаҳат ёки таҳлил улашадиган блогерлар тегишли маълумотга, лицензияга ёки малакасини тасдиқловчи сертификатга эга бўлиши керак.

Douyin (Хитойдаги TikTok муқобили), Weibo ва Bilibili каби платформалар муаллифнинг малакасини текшириши ва маълумот манбаларини белгилаши шарт. Шунингдек, шаффофликка қўшимча талаблар киритилмоқда: сунъий интеллект ёрдамида яратилган контент шу ҳақдаги белгига эга бўлиши керак.

CАC вакилларининг сўзларига кўра, янги чоралар нотўғри маълумотларнинг тарқалишига қарши курашишга қаратилган - айниқса, хатолар одамларнинг пули ёки соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлган соҳаларда. Сўнгги йилларда Хитойда етарлича тайёргарликсиз даволаниш, сармоя киритиш ёки ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳат берадиган блогерлар сони кескин ошган.

Қарор Хитой интернетида қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Тарафдорларнинг фикрича, янгилик контент сифати ва фойдаланувчилар ишончини оширишга ёрдам беради. Танқидчилар эса буни сўз эркинлигига таҳдид сифатида кўрмоқда ва чекловлар расмий дипломга эга бўлмаган, аммо тажриба ва билимга эга бўлган журналистлар ва фан тарғиботчиларининг мустақил фикрларини бўғиб қўйиши ва ишини мураккаблаштириши мумкинлигидан хавотирда.

Бу Хитойнинг контент устидан назоратни кучайтириш йўлидаги биринчи қадами эмас. Аввалроқ, расмийлар стримерлар ва онлайн маърузачилар учун мажбурий қоидаларни жорий этиб, шахсни аниқлаш ва ахлоқий меъёрларга риоя этишни талаб қилган эди. Энди муаллифнинг нафақат шахси, балки касбий малакасига ҳам эътибор қаратилди.

Диплом ва сертификатлар айнан қандай текширилиши, қоидабузарларни қандай санкциялар кутаётгани ҳозирча номаълум. Аммо бир нарса аниқ - Хитой ҳукумати рақамли макон устидан назоратни кучайтириш ва контент яратувчиларининг аудиторияга таъсир кўрсатиш масъулиятини ошириш йўлида давом этмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид