Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Афғонистонда кучли зилзила: камида 20 киши ҳалок бўлиб, юзлаб кишилар жабрланган
Қурбонлар сони сезиларли даражада ортиши мумкин.
Фото: ATIF ARYAN/AFP
Афғонистон шимолида, Мозори Шариф яқинида 6,3 магнитудали зилзила содир бўлди. Айни вақтга келиб 20 киши ҳалок бўлгани ва юзлаб кишилар жароҳат олгани маълум, аммо қурбонлар сони сезиларли даражада ортиши кутилмоқда.
Кучли ер силкиниши Афғонистоннинг 500 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган энг йирик шаҳарларидан бири бўлмиш Мозори Шариф атрофида, маҳаллий вақт билан тунги соат бирда содир бўлди.
АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, зилзила магнитудаси 6,3 баллни ташкил этиб, зилзила ўчоғи 28 километр чуқурликда жойлашган. Хавфнинг «тўқ сариқ» даражаси эълон қилинди, бу қурбонлар кўп бўлиши эҳтимоли юқори эканини кўрсатади.

Маҳаллий расмийлар камида 20 киши ҳалок бўлганини тасдиқлади. Қутқарув ишлари давом этиши билан қурбонлар сони ортиши кутилмоқда.
320 дан ортиқ киши жароҳат олди, деган толиблар ҳукумати Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий вакили Шарофат Замон Амар.
«Толибон»нинг Балх вилоятидаги (Мозори Шариф шаҳри шу вилоят ҳудудий маркази ҳисобланади) вакили Ҳожи Зайд X ижтимоий тармоғида Мозори Шариф жанубидаги Шолгар туманида «кўплаб одамлар яралангани» ҳақида ёзган.
У вилоятнинг барча туманларидан одамлар жароҳатлангани ҳақида хабарлар келаётганини қўшимча қилган.
«Жароҳатларнинг аксарияти одамлар баланд бинолардан йиқилиши билан боғлиқ», – деб ёзган у.
Зилзила рўй берганда кўпчилик уйлари қулаб тушишидан қўрқиб, кўчаларга югуриб чиқишган.
Толибларнинг Балхдаги вакили Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Мозори Шарифнинг диққатга сазовор жойларидан бири бўлган Мовий масжид ҳудудидаги вайронагарчиликлар акс этган видеони ҳам жойлаштирган.
Ушбу диний комплексда биринчи шиа имомининг қабри жойлашган деб ишонилади. Ҳозир у ибодат қилиш ва диний байрамларни нишонлаш учун зиёратчилар оқиб келадиган жойга айланган.
Кобул полицияси вакили Холид Задран Х ижтимоий тармоғида полиция гуруҳлари «вазиятни диққат билан кузатиб бораётгани» ҳақида ёзди.
Мозори Шариф яқинидаги тоғли ҳудудда жойлашган Самангон вилояти вакилининг сўзларига кўра, у ерда ҳам кўплаб қурбонлар рўйхатга олинган.

Зилзила кучи атрофдаги кўплаб давлатлар, жумладан Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида сезилди.
Ўзбекистон Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази эпимарказдаги силкиниш кучини 7 баллга баҳолади (6,8 магнитуда). Мамлакатдаги энг кучли сезилиш Сурхондарё вилоятига тўғри келди – 5 балл.
Тармоқларда кузатув камераларида қайд этилган зилзила акс этган видеолар тарқалган. Видеоларнинг аксарияти Афғонистон билан чегарадош бўлган Термизда олинган.
Кадрларда силкинишлар бир дақиқадан кўпроқ вақт давомида турли интенсивликда давом этганини кўриш мумкин. Видеолардан бирида энг кучли силкинишлар пайтида кўча чироқлари ўчган, шунингдек, одамлар уйлардан кўчага югуриб чиққан.
Эслатиб ўтамиз, август ойи охирида Афғонистон шарқидаги тоғли ҳудудда 6,0 магнитудали зилзила содир бўлиб, икки мингдан ортиқ киши ҳалок бўлганди.
Зилзила оқибатлари жуда оғир бўлганди, чунки бу ҳудуддаги қишлоқ уйлари одатда лой ва ёғочдан қурилади. Натижада аҳоли қулаб тушган уйлари остида қолиб кетганди.
Афғонистон Ҳиндистон ва Евросиё тектоник плиталари учрашадиган бир нечта тектоник ёриқлар туташган жойда жойлашгани сабабли зилзилаларга мойил ҳудуд ҳисобланади.
Мавзуга оид
21:23 / 04.12.2025
Афғонистонда 13 ёшли бола қариндошларининг қотилини 80 000 томошабин олдида қатл қилди
08:09 / 04.12.2025
Қурилишда зилзилабардошлик талаблари бузилса, жавобгарлик оширилади
20:27 / 02.12.2025
Тожикистон афғон чегарасини қўриқлаш учун Россиядан ҳарбий ёрдам сўради
19:03 / 02.12.2025