Ўзбекистон | 08:45 / 05.11.2025
1646
2 дақиқада ўқилади

15 декабр — Бутунжаҳон туркий тиллар куни этиб белгиланди

3 ноябр куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО бош конференциясининг 43-сессиясида ташкилотга аъзо давлатлар Бутунжаҳон туркий тиллар кунини жорий қилиш ташаббусини бир овоздан маъқуллади. Байрам санаси сифатида 15 декабр белгиланди.

Фото: “Дунё” АА

“Дунё” АА маълумотига кўра, ташаббус Ўзбекистон, Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон ва Қирғизистон томонидан ЮНЕСКОга аъзо 26 та давлат ҳаммуаллифлигида илгари сурилган.

Танланган сана — 15 декабр — 1893 йилда даниялик тилшунос Вилгелм Томсен туркий тилларнинг келиб чиқишига оид энг қадимий ёзма манбалардан бири — Орхон ёзувлари алифбосини ўқишга муваффақ бўлганини эълон қилган кунга бағишланган.

ЮНЕСКО қарорига кўра, туркий тиллар ташкилотга аъзо бир қатор давлатлар ҳудудида тарқалган бўлиб, тахминан 12 млн км² майдонда яшовчи 200 млн дан ортиқ инсоннинг она тили ҳисобланади. Байрамнинг жорий этилиши тил ва маданий хилма-хилликни, минтақавий ва глобал ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш, туркий халқларнинг оғзаки анъаналари ва ўзини намоён этиш шаклларини сақлаш ҳамда ривожлантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, ташаббус туркий тиллар бўйича илмий тадқиқотлар, ахборот-маърифий тадбирлар ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш, туркий тилда сўзлашувчи давлатларнинг маданий ва ҳужжатли меросини оммалаштиришга янги туртки беради.

Нишонлаш доирасида туркий тилларнинг маданий ва ижтимоий қадрини ёритувчи кўргазмалар, маърузалар, адабий кечалар, бадиий чиқишлар каби тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид