Жаҳон | 20:45 / 05.11.2025
6475
5 дақиқада ўқилади

Трамп C5+1 саммитида Жексон-Вэник қонуни бекор қилинишини айтиши мумкин - эксперт

Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси Фредерик Старр «Марказий Осиё – АҚШ» (C5+1) саммитидан кейинги икки йил ичида АҚШ ташқи сиёсати қанчалик ўзгаргани, шунингдек, 6 ноябрь куни Вашингтонда бўлиб ўтадиган учрашувнинг асосий мавзуси ҳақидаги фикрларини айтди.

Фото: Getty images

«Марказий Осиё – АҚШ» (C5+1) саммитидан кейинги икки йил ичида АҚШ ташқи сиёсати қанчалик ўзгарди? Шунингдек, 6 ноябрь куни Вашингтонда бўлиб ўтадиган учрашувнинг асосий мавзуси қайси масалалар бўлади? Бу саволларга Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси Фредерик Старр Каzinform мухбирига берган интервьюсида жавоб берди.

Мутахассис сўзларига кўра, C5+1 формати бир мунча вақтдан бери амалга ошириб келинаётган самарали мулоқот платформасидир. Япония 20 йилдан кўпроқ вақт олдин Марказий Осиё давлатлари билан бундай учрашувни ташкил этиш ташаббуси билан чиққан эди. Сўнгра Жанубий Корея, Европа Иттифоқи ва Хитой ҳам шундай мулоқотни йўлга қўйди. Қўшма Штатлар кейинчалик бу амалиётга қўшилди.

— АҚШ бу форматдаги мулоқотга жуда кўп эътибор қаратди, яъни у 20 йил олдин бошланиши керак эди, деди Фредерик Старр. Унинг фикрича, сўнгги икки йил ичида C5+1 формати барча мамлакатлар манфаатларига хизмат қилиши ва ҳеч кимга қарши қаратилмагани тан олинди.

— Қўшма Штатлар ва Марказий Осиё мамлакатлари умумий манфаатларга хизмат қиладиган бундай платформани яратиш ва қўллаб-қувватлаш муҳимлигини тушунди. Бу борада олиб борилаётган муҳокамалар давомида давлатлар ўртасида ҳеч қандай қарама-қаршиликлар бўлмайди, деди Старр.

Сўнгги икки йил ичида Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодий салоҳияти қайта баҳоланди. Мутахассиснинг фикрича, Америка бизнеси ва инвесторларини ушбу минтақага жалб қилишга алоҳида эътибор қаратиш керак. Шу муносабат билан АҚШ ҳукумати бизнес ҳамжамиятини қўллаб-қувватлашга эътибор қаратмоқда.

— Биз америкалик инвесторлар томонидан Марказий Осиёга нисбатан бошқача муносабатни кўрмоқдамиз. Ҳозир нефть ва газ ҳақида кўп гап-сўзлар бор, аммо минтақанинг салоҳияти, жумладан, инновациялар ва замонавий технологиялар анча кенгроқ. Шунинг учун мен C5+1 форматини тавсия қиламан, деди эксперт.

Фредерик Старр келажакда ушбу форматни C6+1 даражасига, жумладан, Озарбойжонни ҳам қўшишни кўриш истагини таъкидлади. Шу билан бирга, АҚШ Марказий Осиё давлатлари билан муносабатлари нафақат икки томонлама даражада, балки минтақавий миқёсда ҳам ривожланиши керак.

Мутахассис Марказий Осиё мамлакатлари ҳали ҳам ўз минтақавий ташкилотига эга эмаслигини эслатди. Бу ҳолат минтақанинг бир нечта мамлакатларида бизнес юритишни истаган америкалик ишбилармонлар учун қийинчиликлар туғдиради.

— Масалан, АҚШ фуқаролари Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакатига бориш учун бир нечта виза олишга мажбур. Бу, ўз навбатида, ягона минтақавий тузилманинг йўқлигини яққол кўрсатади, деди у.

Жексон-Вэник қонунини бекор қилиш имконияти ҳақида гапирар экан, эксперт ушбу қарор яқин келажакда қабул қилинишига ишонч билдирди.

— Хусусан, АҚШ президенти ушбу тузатишни бекор қилиш бўйича тегишли қарор қабул қилади ва Конгрессга сўров юборади деб умид қиламан, деди Старр.

Эксперт Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги маданиятдан тортиб давлат бошқарувигача бўлган барча соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.

— Мен бизнес, маданият, спорт ва таълим соҳаларида кенгайган ҳамкорликни қўллаб-қувватлайман. Қўшма Штатлар Марказий Осиё мамлакатларини янада самаралироқ ҳаракат қилиш учун кучларни бирлаштиришга ундаши керак, деди у.

Эслатиб ўтамиз, Жексон-Вэник қонуни 1974 йилда СССРга нисбатан қабул қилинган. Бу эркин эмиграцияга тўсқинлик қиладиган ва бошқа инсон ҳуқуқларини бузадиган давлатларга нисбатан савдо ва молиявий чекловларни назарда тутади. Бунга, хусусан, Қўшма Штатларга импорт қилинадиган товарларга бож ва йиғимларнинг оширилиши, шунингдек, давлат кредитлари ва кредит кафолатларини тақдим этишни тақиқлаш киради.

СССР парчаланганидан сўнг, қонун автоматик равишда барча МДҲ мамлакатларига тааллуқли бўлди. Кейинчалик, АҚШ баъзи давлатларни унинг таъсиридан чиқарди: Россия, Украина, Қирғизистон, Арманистон, Грузия, Латвия, Литва, Эстония. Бироқ, Марказий Осиёнинг аксарият давлатлари - Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон - чекловлар остида қолмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид