2025 йил 31 октябр. Ер сайёрасининг қай бир нуқтасида фермер юқори технологик дронларни хўжалигига жорий қилиш устида ишлаяпти, бошқа бир нуқтасида эса ҳокимлар фермер экинини тракторлар билан пайҳон қиляпти... Сурхондарё вилоятининг Шўрчи тумани фермерлари пиёз эккани учун тунда мажбуран автобусларга солиниб, ҳокимиятга олиб кетилди, “савалаш” учун. Ўз ҳолига қўйилмаган, ҳамон ҳокимлар “диктатураси” остида қолаётган фермерларни ким ҳимоя қилади? Журналист Шокир Шарипов ҳамон оғриқли бўлиб қолаётган мавзуни яна бир бор эслади.
31 октябрга ўтар кечаси Шўрчи туманидаги 80 нафарга яқин фермер иккита автобусга чиқарилиб, ички ишлар органлари ходимлари томонидан вилоят ҳокимлигидаги йиғилишга олиб кетилган. Маълум бўлишича, ушбу сафарбарлик ғалла экишни кечиктирганлик учун жазо чораси сифатида қўлланган.
Яна бир видеода фермер Дилмурод Шойдуллаевга тегишли далага туман ҳокими бошчилигидаги масъуллар келиб, янги экилган пиёз майдонини бузиб ташлагани акс этган.
“Экиб қўйганингни барибир бузамиз. Бундан кейин нариги экилган далага ўтамиз. Ҳозир ҳаммаси ўша ёққа кетди мана… Пулингга куяман, 100 миллион, 200 миллионга куяман десанг, экавер, оғайни. Сенларга гап таъсир қилмас экан. Пиёз экканлар билан овора бўлиб, қанча азоб чекдик, барибир пахта режасини тўлдира олмадингизлар. Туманда 580 гектар пахта экилмай қолди”, - дейди маҳаллий раҳбарлардан бири.
Журналист Шокир Шарипов Агробизес ассоциацияси раҳбари Камолиддин Икромов билан фермерлар ишига бу тарзда аралашувнинг оқибатлари ҳақида суҳбатлашди.
“Агротерроризм”
Бу каби ҳолатлар фақат Шўрчида кузатилаётгани йўқ, бошқа вилоятларда ҳам экинларни йўқ қилишяпти. Мен буни “агротерроризм” дейман. Бундай хатти-ҳаракатлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва нархларни барқарорлаштириш мақсадида фермерларга кўпроқ эркинлик беришни кўзда тутувчи сўнгги президент фармонларига тубдан зид келади. Президентнинг битта эмас, кетма-кет иккита фармони чиқди. Уларда пахта-ғалла йўналишидаги фермерларга ернинг 45 фоизига пахта, 45 фоизига ғалла ва қолган 10 фоизига эркин экин экишга рухсат берилган. Ахир деҳқоннинг қўлидаги пул ҳам аслида давлатнинг бойлиги эмасми? Тадбиркорнинг сармояси, фермернинг маблағи ва бошқа ресурсларнинг барчаси давлат иқтисодиётининг бир қисми ҳисобланади. Эртага мисол учун, пиёзнинг нархи 5 минг сўмга чиқиб кетса, бунга ким жавоб беради? Шу ишни қилаётганлар халқ тўлайдиган ортиқча пулни ўз ёнидан тўлаб бера оладими?
















