Жаҳон | 20:37 / 06.11.2025
5860
2 дақиқада ўқилади

“Оқ уй билан тўғридан тўғри алоқа ўрнатилди” – Трампнинг махсус вакили 

Вашингтонда Марказий Осиё – АҚШ С5+1 саммитидан олдин Давлат департаменти ташқи ишлар вазирлари учун қабул уюштирди. Унда нутқ сўзлаган АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горнинг айтишича, энди бу давлатлар муносиб эътиборга сазовор бўлади.

Сержио Гор узоқ йиллар мобайнида АҚШ раҳбарияти бу минтақага кераклича эътибор қаратмаганини қўшимча қилди.

Президент мени Марказий Осиё бўйича махсус вакил этиб тайинлаганида, у менга аввалги маъмуриятлар даврида дунёнинг бу минтақасига муносиб даражада эътибор қаратилмаганини алоҳида таъкидлади. Унинг бу минтақага содиқлиги шундан иборатки, энди Оқ уй билан бевосита алоқа йўлга қўйилади ва бу минтақа ўзига муносиб эътиборни олади”, дейди президент махсус вакили. 

Сержио Гор ўтган ҳафта минтақада бўлганини ҳам ёдга олиб, илиқ фикрларини билдирди. 

Ўтган ҳафтанинг ўзида котиб ўринбосари Ландо иккимиз Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташриф буюриш шарафига муяссар бўлдик. Бу жуда муваффақиятли ташриф бўлди. Эртага барча беш давлат раҳбари Оқ уйга ташриф буюриши муносабати билан бу ҳақда батафсилроқ билиб оласиз. Марказий Осиё меҳмондўстлиги ҳақиқатан ҳам беқиёсдир. Шунчалик кўп овқатландикки, менимча, Крис иккимиз кейинги бир неча ой давомида озишимизга тўғри келади. Илиқ кутиб олиш, лаззатли таомлар, ажойиб тарих ва маданият туфайли президентнинг махсус вакили сифатидаги минтақага илк ташрифим унутилмас бўлди. Яқин келажакда Туркманистон, Тожикистон ва Қирғиз Республикасига ташриф буюришни интиқлик билан кутаман”, деди Гор. 

Эслатиб ўтамиз, бу йили дипломатик формат тузилганига 10 йил тўлаётгани муносабати билан АҚШ президенти беш давлат раҳбарларини илк бор Оқ уйда қабул қилади.

Тайёрлаган:  Шоҳрух Мажидов

Мавзуга оид