Таълим | 17:38 / 06.11.2025
7267
16 дақиқада ўқилади

Хитойда талаба бўлиш ва яшаш: буни қандай амалга ошириш мумкин?

Тошкентлик талаба Сафина Маннопова Хитой университетига ўқишга кирган. У ўз тажрибаси билан ўртоқлашди: ўқишга қандай киргани, кампусдаги ҳаёт ва Хитойда талабага қанча пул керак бўлиши ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Фото: Getty images

Лекин бунгача ҳам кўплаб талабалар технологиялар ва қаттиққўл университетлар мамлакатига боришни орзу қилишарди. Энди чегаралар очилган бир пайтда, Хитой таълимига қизиқиш ортиб бормоқда, ёшлар эса Сеул ёки Истанбул ўрнига Шэнчжэн ёки Пекинни кўпроқ танламоқда.

Тошкентлик талаба Сафина Маннопова Ўзбекистонда бир йил ўқигандан кейин Хитой университетига ўқишга кирган. У ўз тажрибаси билан ўртоқлашди: ўқишга қандай киргани, кампусдаги ҳаёт ва Хитойда талабага қанча пул керак бўлиши ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Шэнчжэн, Гуандун провинцияси

Ўқиш ҳақидаги қарор

Мактабни битиргандан кейин Тошкентдаги Пучон университетининг мултимедиа ва ўйин контенти факултетига ўқишга кирдим. Бир йиллик ўқиш хотиржам ўтди, аммо вақт ўтиши билан менга қийинчилик етишмаётганлигини ҳис қилдим. Ҳаммаси жуда оддий эди, мен эса янгича муҳит, мустақиллик ва масъулиятни истардим.

Тошкентдаги Пучон университетида ўқиш

Аввалроқ менда Американинг иккита — Colorado University ва Creighton University университетларига кириш имконияти бўлган, лекин рад этгандим. АҚШ менга ҳар доим узоқ, жуда шовқин-суронли ва хавфсиз бўлмаган жойдек туюларди. Мен эса тартиб, меҳнатга ҳурмат ва хавфсизлик мавжуд муҳитда ўқишни хоҳлардим.

Баҳорда, ота-онам билан узоқ суҳбатлардан сўнг биз ҳатто Тошкентда биринчи курсни тугатган бўлсам ҳам барибир хорижда ўқиб кўришим керак, деган қарорга келдик.

Нега айнан Хитой

Хитой менда анча вақтдан бери қизиқиш уйғотиб келарди. Мактабда ўқиётган пайтимдаёқ япон ва хитой тиллари орасида танлов қилганман — мени Осиё ҳар доим ўзига тортарди.

Бир вақтлар Хитойда яшаган математика ўқитувчим эса, маҳаллий аҳолининг меҳнаткашлиги, очиқкўнгиллиги ва бошқаларни ҳурмат қилишлари ҳақида кўп гапирарди. Ўшанда мен илк бор Хитой — бу фақат иқтисодиёт ва технологиялар эмас, балки ўзига хос ҳаёт фалсафаси ҳам эканлиги ҳақида ўйлаб қолдим.

Қарор қабул қилиш вақти келганда, ота-онам иккиланишди, аммо онам қатъий турди:

“Сен улғайишинг, ҳамма нарсани мустақил ҳал қилишни ўрганишинг керак. Борақол”.

Айнан мана шу сўзлар мен учун ҳал қилувчи бўлди. Хитой дунёдаги энг хавфсиз мамлакатлардан бири ҳисобланади. Қатъий қоидалар, ҳар қадамда камералар ва жамоат назоратининг юқори даражаси. Кўчада ҳатто кечаси ҳам ўз хавфсизлигинг ҳақида хавотирланмай бемалол юриш мумкин.

Ўқишга кириш

Жараён бир неча ой давом этди ва ҳар бир майда-чуйдага эътибор бериш керак эди. Ариза топшириш учун қуйидагилар талаб қилинди:

  • 6.0 баллдан паст бўлмаган IELTS сертификати;
  • аттестат, паспорт ва тиббий маълумотноманинг нотариал тасдиқланган таржималари;
  • олимпиадалар ва синфдан ташқари ишларда қатнашганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар.

Маслаҳат: Хитой тилини ҳеч бўлмаганда базавий даражада билган маъқул.

Ариза топширилгандан бир ой ўтгач, математика ва физикадан кириш имтиҳонини топшириш керак эди. Мен Хитойнинг етакчи техник университетларидан бири бўлган Harbin Institute of Technology (Shenzhen campus)ни танладим. Йўналишим — Computer Science and Technology: ITни шунчаки амалий дастурлаш сифатида эмас, чуқурроқ, инженерлик йўналишида ўрганишни истардим.

Harbin Institute of Technology (Shenzhen campus) университети

Ҳужжатларни топшириш қимматга тушди, лекин барчаси билан агентлик шуғулланди. Мен фақат кутиш ва ҳужжатлар таржимаси билан машғул бўлдим. Бу жараён нотариал хизматлар ва агентлик тўловини ҳам ҳисобга олган ҳолда биз кутгандан кўра анча узоқ давом этди.

Имтиҳондан кейин натижани кутиш қолди. Умидим катта эмасди, чунки Хитойда доимо юқори даражадаги рақобат бор, математика ўрганишдаги бир ярим йиллик танаффусдан сўнг имтиҳондан ўта олишимга шубҳам бор эди. Аммо натижалар келди ва имтиҳондан ўтганим маълум бўлди.Менга ўқиш ҳақининг тахминан 70% ини қоплайдиган грант берилди, қолган қисмини ўзим тўлайман.

Университет қабул комиссиясининг жавоби

Университетда ўқишнинг тўлиқ қиймати йилига 26 000 юанни ташкил қилади (тахминан 3 600 доллар). Мен қийматнинг 70% ини қоплайдиган грант асосида ўқийман, шунинг учун фақат 30%и — йилига 7 800 юан (1 092 доллар) тўлайман.

Хитойда хорижий талабаларга одатда учта турдаги грантлар таклиф этилади:

  • Тўлиқ (Full Scholarship) – ўқиш, яшаш, тиббий суғуртани қўплайди ва ойига 2 500–3 000 юан стипендия берилади;
  • Қисман (Partial Scholarship) – ўқиш қийматининг бир қисмини қоплайди (одатда 50–70 %), қолган қисмини талаба тўлайди;
  • Университет гранти - IELTS ёки HSK дан юқори балл, олимпиадалар, волонтёрлик лойиҳаларидаги фаол қатнашув ва академик муваффақиятлар учун берилади.

Мен имтиҳондаги яхши натижаларим ва қўшимча фаоллигим учун грантни қўлга киритгандим. Улар ташаббускор ва нафақат ўқиш, балки ундан ташқарида ҳам фаол бўлган талабаларни қадрлашади.

HSKдан юқори натижаларга эга номзодлар (4-даража ва ундан юқори) ва IELTSдан 6.0 ва ундан юқори балл олганлар қисман ёки тўлиқ стипендия олиш имкониятига кўпроқ эга бўлишади. Биринчи курсдаги академик кўрсаткичлар ҳам ҳисобга олинади. Агар талабанинг ўртача баллари юқори бўлиб, университет ҳаётида фаол иштирок этса, грантни узайтириш ҳам мумкин.

Дастлабки кунлар ва мослашиш

Хитойга келишим билан бу ернинг иқлими бутунлай бошқача эканлигини сездим. Пекиндан Шэнчжэнга боргунча иссиқ икки баравар кучайди, вентиляторсиз юришнинг иложи йўқ.

Хитойликлар қўл вентиляторидан фойдаланишади

Овқатларнинг ҳиди бошқача, жуда ўткир эди ва бу ҳақиқий маданий шок бўлди. Ҳатто биринчи кунлари кўчада юриш ҳам қийин бўлди: жуда иссиқ, шовқинли ва ҳар қадамда Хитой ошхонасининг ўткир ҳиди келарди.

Мен учун энг кутилмагани иқлим эмас, балки ҳамма нарсанинг бутунлай бошқача ташкил этилгани бўлди. Ҳатто тўлов ҳам алоҳида дунё. Ҳамма нарса WeChat ва Alipay орқали амалга оширилади: такси, овқатланиш, харидлар — барчасига телефон орқали тўлов қиласиз. Бизда бунинг учун турли иловалардан фойдаланиш керак, бу ерда эса ҳаммаси биттада.

WeChat ва Alipay иловалари

Самолётимиз қўниши билан бизга SIM-карталар, транспорт карталари беришди ва мобил иловалардан қандай фойдаланишни тушунтиришди. Талабалар учун жамоат транспорти бепул. Ҳеч ким нақд пул ишлатмайди, шу боис Хитой сервисларига дарҳол уланиш керак. Ҳатто қаҳвахонада буюртма бериш ҳам QR-код орқали амалга оширилади — сканерлайсан, таомни танлайсан ва онлайн тўлайсан.

Энг қийин бўлгани таом ёки иссиқ ҳаво эмас, балки тўлов қилиш бўлди. 30% ўқиш ҳақини тўлаш вақти келганда, менинг картам ишламади. Фақат WeChat Pay ва Alipay орқали тўлов қабул қилинади, менинг Visa картам эса уланмасди. Мен хавотирга тушдим, қолганлар автобусга ўтириб бўлган, мен эса нима қилишни билмай телефонни ушлаганча турардим.

Менга бир талаба ёрдам берди: у ўз аккаунти орқали тўлади, кейинроқ унга пул ўтказиб бердим.. Шунда илк бор барчаси рақамли хизматларга қанчалик боғлиқлигини тушундим.

WeChat ва Alipayсиз ҳаёт кечира олмайсан: нақд пул деярли ҳеч ерда қабул қилинмайди, QR-код эса ҳар қандай хизматга кириш калити — қаҳва харид қилишдан тортиб автобусда юришгача.

Дастлабки кунлар ушбу суръатдан ҳайратланишда ўтди: ҳамма нарса рақамли, автоматлаштирилган, кассалар, одатий терминаллар йўқ. Бу қийиндек туюлди, аммо бир неча кундан кейин кўникдим. МДҲ мамлакатларидан келган талабалар кўплиги ёрдам берди — биринчи кунданоқ бирга юриб, тажрибаларимиз билан бўлишдик, нима қандай ишлашини ўргатиб, бир-биримизга ёрдамлашдик.

Таълим ва ўқитувчилар

Бундан олдин мен мултимедиа ва ўйин-дизайн бўйича ўқиганман, лекин фақат контентни эмас, унинг ортидаги тизимлар ва мантиқни ҳам ўрганиш, техник томонларини яхшироқ тушунишга қарор қилдим. Биринчи кунларданоқ бу ерда ўқиш жуда жиддий экани маълум бўлди.

Harbin Institute of Technology (Shenzhen campus) университетидаги аудиториялар

Ўқитувчилар дарҳол огоҳлантиришди. Имтиҳондан ўта олмадингми – демак, тайёргарлик кўрмагансан. Бу ерда ҳамма ўзи учун жавоб беради.

Машғулотлар маъруза шаклида ўтказилади ва ҳар бир дарсда максимал даражада эътиборли бўлиш керак — ўқитувчи материални фақат бир марта тушунтиради, қолгани эса ўзингга боғлиқ. Ҳар икки ҳафтада барча уй вазифаларини топшириш керак ва бу имтиҳонларга қўйилишингга таъсир қилади. Асосий фанлардан ташқари, хитой тили ва Хитойда технологияларни модернизация қилиш тарихи ҳам ўқитилади. Кўпинча бу фанлар бўйича компаниялар, лабораториялар ва технопаркларга экскурсияга олиб боришади. Булар шунчаки танишув саёҳатлари эмас: талабалар у ерда стажировка ўташи ёки қўшма лойиҳаларда қатнашиши мумкин.

Ўқитувчилар хорижлик талабаларга ҳурмат билан муносабатда бўлишаи, лекин енгиллик беришмайди. Биз хитойликлар гуруҳларидан алоҳида ўқиймиз ва бошидаёқ ҳар биримиз ўзимиз учун жавобгар эканлигимизни эслатишди.

Юкламаларга чидаса бўлади, лекин катта курс талабаларининг огоҳлантиришича, кейинчалик ҳамма нарса қийинлашиб боради, кўпроқ лойиҳавий вазифалар, жамоавий ишлар ва имтиҳонлар бўлади. Муҳими, фақат назарияни билиш эмас, уни ҳақиқий ишларда қўллай олишдир. Университет спортдан тортиб санъат ва технологияларгача ўнлаб тўгаракларни таклиф этади.

Университетда ошпазлик, оркестр, хор, ҳар қандай мусиқий асбобни чалиш имконини берадиган мусиқий тўгараклар бор. ITга қизиққанлар учун дастурлаш ва робототехника, маданиятни яхши кўрувчилар учун эса ҳатто косплей тўгараги ҳам мавжуд.

Университетда талабалар учун максимал қулайлик яратилган: катта спорт заллари, бассейн, волейбол ва баскетбол майдонлари. Талабалар учун ҳаммаси бепул, илова орқали рўйхатдан ўтилса бўлди.

кампусдаги кутубхона ва бассейн

 

волейбол тўгараги

Бундай жойларда бошқа талабалар билан танишиш, тил амалиёти билан шуғулланиш, шунчаки ўқишдан чалғиш мумкин.

Кампусдаги ҳаёт

Ўқиш бошланишидан бир ой олдин университет ётоқхона танлашни таклиф қилди.

Мен корпуслардан сал узоқроқда жойлашган уч кишилик хонани танладим, у ер тинч, таъмири яхши ва 8-қаватдан чиройли манзара кўриниб туради.

ётоқхонадаги уч кишилик хона

Бир семестр учун 500 юан тўлайман. Бу тахминан 70 доллар. Хона шинам, ёнимизда уйғур ошхонаси, дўкон ва дорихона бор.

территория университета Harbin Institute of Technology (Shenzhen campus)

Коммунал тўловлар ҳар сафар ҳар хил бўлади. Агар кондиционердан фойдаланмасангиз, унчалик қиммат бўлмайди. Ҳар бир хонада иссиқ сув учун алоҳида карта бор — терминалга қўйсангиз, сувдан фойдаланишингиз сониясига ҳисобланади.

Яшаш ва тўлов

Мамлакатда ҳамма нарса QR-кодлар атрофида ташкил этилган — қаҳва харид қилишдан то метро тўловигача. Ҳатто кичик қаҳвахоналарда ҳам касса йўқ: ҳар бир столда QR-код бор, уни сканерлайсиз, таомни танлайсиз, пулини тўлайсиз ва бир неча дақиқадан сўнг буюртмангиз стол устида бўлади.

Нақд пул деярли ишлатилмайди, шунинг учун WeChat Pay ёки Alipayсиз ҳаёт кечириб бўлмайди. Такси чақиришдан тортиб озиқ-овқат етказишгача – ҳамма нарса WeChat орқали амалга оширилади. Дўконга боришга эринсангиз, илова орқали буюртма берасиз, курьер бир соат ичида буюртмангизни олиб келади. Ҳар бир буюртма етказиб бериш суратга олинади.

Кампусда хитой, уйғур, европача ошхоналар бор. Ётоқхонада овқат тайёрлаш тақиқланган: плита ва электр жиҳозлар ишлатиш мумкин эмас.

AliPay иловасида тўлаш учун QR код

Хитой ошхонаси турли-туман, лекин унга кўникиш осон эмас. Мен ҳалигача ўзбек таомларига яқин бўлган лағмон, чучвара, хамирли ўрдак гўшти ейман. Баъзан европача қаҳвахоналардан бургер ёки салат буюртма қиламан.

Овқатланишга ойига 250–300 доллар атрофида пул кетади, лекин кампус ошхоналарида 10–15 юанга (1,5–2 $) тўлақонли тушлик қилиш мумкин. Энг қиммати - университетдан ташқаридаги ошхоналар ва етказиб бериш хизматлари.

Шунингдек, деярли барча майда-чуйдалар: кийим, техника, канцелярия буюмларини Pinduoduo орқали буюртма қиламан. Бунга ойига максимум 100–150 доллар кетади. Маркетплейслардаги нархлар офлайн дўконларга нисбатан арзонроқ, шу боис кўпчилик талабалар ҳамма нарсани онлайн харид қилади.

Pinduoduo иловаси

Саломатлик ва хавфсизлик

Ўқиш бошланишидан олдин барча хорижий талабаларга тиббий суғурта расмийлаштирилади, бусиз талабалик картасини олиш мумкин эмас. Бу суғурта университет клиникасидаги қабуллар ва шошилинч ёрдамни қоплайди. Жиддий текширувлар ёки хусусий марказларда даволанишга алоҳида тўланади, лекин талабалар учун нарх қиммат эмас.

Ҳозирча шифокорга ишим тушмади, лекин талабалар учун кампусда ўз клиникаси борлигини биламан. Зарур бўлса, шифокор қабулига онлайн ёзилиш ёки қабул соатларида навбатсиз ҳам мурожаат қилиш мумкин.

Хитой хавфсизликка катта эътибор қаратади ва бу биринчи кунданоқ сезилади.

Университет ҳудуди ва унинг ташқарисида ҳамма жойда камералар бор — ётоқхонага киришдан тортиб яқин-атрофдаги кўчаларгача. Мамлакатда ҳамма нарса қоидалар бўйича ишлайди ва қоидабузарликлар деярли учрамайди. Бу, эҳтимол, мен бўлган энг хавфсиз мамлакатлардан бири бўлса керак. Ҳатто кечаси ҳам кўчада бемалол юриш мумкин. Сизга ҳеч ким тегинмайди ёки ортиқча қарамайди, ҳамма ўз иши билан машғул. Бундай хавфсизлик ҳисси эътиборни ўқишга қаратишга ёрдам беради, доим қандайдир кутилмаган воқеа рўй беришини ўйлаб юрмайсиз. Хитойда тартиб қаттиққўллик эмас, балки маданиятнинг бир қисми сифатида қабул қилинади: бу ерда қоидаларга риоя қилиш одатий ҳол.

Хитойда ўқишга кетадиган харажатлар (агентлик хизматисиз)

Хитойда ўқимоқчи бўлганларга маслаҳатлар

Сафарга чиқишдан олдин ҳеч бўлмаганда базавий хитой тилини ўрганиб олган маъқул — бу ҳаётингизни анча енгиллаштиради. Кўпчилик ўқитувчи ва ходимлар фақат хитойча гаплашади ва оддий ибораларни билиш биринчи кунларда адашиб қолмасликка ёрдам беради. Ҳеч бўлмаганда асосий нарсаларни билсангиз, мослашиш жараёни анча осон кечади.

Хорижлик талабаларга илиқ муносабатда бўлишади. Дўстларим турли мамлакатлардан: араблар, бангладешликлар, мўғуллар. Барчаси самимий, ҳеч ким ҳеч кимни айирмайди. Менинг хонадошим ҳам хорижлик. Албатта, майда-чуйда муаммолар бўлиб туради, лекин барчасини суҳбат орқали ҳал қиламиз.

Хитой хорижлик талабаларни севади, лекин унинг қонунларини ҳурмат қилишларини талаб қилади.

Хитойда яшаш нима берди

Хитой мени масъулиятли бўлишга ўргатди. Мен ҳар қандай муаммони мустақил ҳал қилиш нима эканлигини англадим. Дастлабки кунларим қийин бўлди, лекин ҳозир ўзимни уйдагидек ҳис қиляпман.

Ўқишни битирганимдан кейин ҳам стажировка ўташ ва маҳаллий IT-компанияларда тажриба тўплаш учун Хитойда қолишим мумкинлигини истисно қилмайман. Ҳозирча эса йўлнинг бошида турибман. Ўсишни ва бир жойда туриб қолмасликни истайман.

Мавзуга оид