Жаҳон | 19:41 / 07.11.2025
3782
2 дақиқада ўқилади

«Педофиллар учун майдон» – Roblox судга берилди

АҚШ Техас штати бош прокурори Кен Пакстон машҳур Roblox онлайн платформасига қарши даъво аризаси киритиб, компанияни онлайн-педофиллар ва даромадни болалар хавфсизлигидан устун қўйишда айблади.

Фото: Roblox

Пакстон сўзларига кўра, Roblox ўзини болалар учун хавфсиз рақамли макон сифатида реклама қилмоқда, бироқ «аслида йиртқичлар кўпаядиган жойга айланган».

«Биз Roblox каби платформаларнинг педофиллар учун рақамли майдонча бўлиб қолишига йўл қўя олмаймиз, у ерда болаларимизнинг фаровонлиги корпоратив очкўзлик қурбонига айланади. Roblox болаларни экран ортига яширинган касал ва бузуқ одамлардан ҳимоя қилиш учун кўпроқ ҳаракат қилиши керак», деди бош прокурор.

Roblox расмийларнинг даъво қўзғатиш қароридан қаттиқ ҳафсаласи пир бўлганини айтди ва айбловларни «чалғитувчи ва шов-шувли» деб атади.

«Биз бош прокурор Пакстоннинг болалар онлайн хавфсизлигига бўлган интилишини қўллаб-қувватлаймиз. Айнан шунинг учун биз фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш ва бузғунчиларни блоклаш учун соҳадаги энг қатъий қоидаларни жорий этмоқдамиз. Биз ҳуқуқ-тартибот идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз ва хавфсизлик тизимларига сармоя киритамиз», дейилади компания хабарида.

Таъкидланишича, платформада шахсий маълумотлар алмашинувини блокловчи филтрлар мавжуд, минглаб модераторлар 24 соат давомида постлар, расмлар, аудио ва видеоларни кузатиб боради. Жорий йилда компания 145 дан ортиқ янги хавфсизлик чораларини жорий этди, шунингдек, катталарнинг вояга етмаганлар билан мулоқотини чеклаш учун фойдаланувчиларнинг ёшини баҳолаш технологиясини тайёрламоқда.

Аввалроқ Roblox платформасига қарши худди шундай даъволар Луизиана ва Кентукки бош прокурорлари томонидан берилган бўлиб, компания болаларни жиноятчилардан етарлича ҳимоя қилмаётгани даъво қилинганди.

Roblox - бу фойдаланувчилар ўйинлар яратиши ва ўйнаши, шунингдек, бир-бири билан мулоқот қилиши мумкин бўлган онлайн платформа. Компания маълумотларига кўра, ҳар чоракда платформада 151,5 миллионга яқин фойдаланувчи фаол иштирок этиб, у ерда деярли 40 миллиард соат вақт ўтказади.

Roblox'да бепул ўйнаш мумкин, аммо платформа ўз валютаси Robux орқали ўйин ичидаги харидларни таклиф қилади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид