Жаҳон | 14:21 / 13.01.2026
2055
3 дақиқада ўқилади

Роскомнадзор Россияда Roblox’ни блокдан чиқаришдан бош тортди

Роскомнадзор Россия ҳудудида Roblox ўйин платформасини қайта очиш (блокдан чиқариш) учун асос кўрмаётганини билдирди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар берди.

Фото: SOPA Images/LightRocket/Getty

Роскомнадзор Россияда Roblox ўйин платформасини блокдан чиқариш учун асос кўрмаяпти. Бу ҳақда душанба куни, 12 январда ТАСС агентлиги идора баёнотига таяниб ёзди. “Ҳозирги пайтда Roblox платформасини блокдан чиқариш учун асослар йўқ”, — деб иқтибос келтиради журналистлар Роскомнадзор вакилларидан.

Америка интернет-хизмати Roblox’га Россияда 2025 йил декабрида кириш чекланган. Россия ҳокимияти фикрича, ушбу платформа орқали “экстремистик ва террористик фаолиятни тарғиб қилиш ва оқлаш”ни ўз ичига олган материаллар тарқатилган.

2025 йил декабрида Европа Иттифоқи санкциялари остида бўлган “Хавфсиз интернет лигаси” раҳбари Екатерина Мизулина болалардан келган хатлар ҳақида гапирган эди — улар Roblox ва бошқа интернет ресурслари блокланганидан кейин Россиядан кетиш истаги пайдо бўлганини ёзган. У Telegram’даги постига болалар ва ўсмирлардан келган Roblox’ни очиб бериш (блокдан чиқариш) ҳақидаги илтимосларни ҳам илова қилган.

Roblox’ни блоклаш эҳтимоли ҳақида Роскомнадзор 2025 йил ноябр ойидаёқ баёнот бера бошлаган. Шу билан бирга, идора “болаларнинг маънавий-ахлоқий ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган номуносиб контент” борлигини қайд этган. РКН вакиллари шунингдек, 2019 йилдан бери платформа маъмуриятига “тақиқланган материалларга киришни чеклаш талаби қўйилган огоҳлантиришлар” мунтазам юбориб келинганини билдирган.

“Roblox мониторинги платформада пайдо бўлаётган материаллар хавфсизлигини юз фоиз таъминлай оладиган ички модерация тизими имкониятсизлигини бир неча бор тасдиқлади”, — деб таъкидлаган ўшанда Россия регулятори.

РКН маълумотларига кўра, АҚШда ишлаб чиқилган онлайн платформа регулятор талабига биноан 2025 йил январ ва июл ойларида Россия қонунчилигини бузган лойиҳаларни ўчирган. Хусусан, “номларида инглиз тилида қисқартма бор” серверлар, шунингдек айрим “рамзлар мавжуд бўлган учта материал” ўчирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид