Жаҳон | 16:27 / 07.11.2025
2873
2 дақиқада ўқилади

Полша АҚШдан газ импорт қилиб, уни Украина ва Словакияга етказишни режалаштирмоқда

Варшава келишув орқали энергетика ҳаби мақомини мустаҳкамламоқчи. Reuters’га кўра, бу ҳақда Афинадаги конференциядан кейин эълон қилиниши мумкин, муҳокама этилаётган ҳажм Словакиянинг йиллик истеъмолига тенглашади. Пеллегрини ташаббусни олқишлади.

Фото: Reuters

Полша АҚШдан кўпроқ суюлтирилган табиий газ (СТГ) импорт қилиш, кейин эса уни Украина ва Словакияга етказиб беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Варшавадаги энергетика вазирлиги Reuters агентлигига, музокаралар бориши билан таниш икки манбадан олинган дастлабки маълумотни тасдиқлар экан, хабар берди. “Биз шерикларимиз — америкаликлар, словаклар ва украинлар билан — минтақамиз энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида Америка газини импорт қилиш имкониятлари устида ишлаяпмиз”, — дея вазирлик баёнотини келтирди Reuters.

Варшавага кўра, тегишли келишув Полша ролини Шарқий Европадаги энергетика ҳаби сифатида кучайтиради ва ЕИни АҚШ энергия манбалари билан янада чамбарчас боғлайди.

Reuters манбалари маълумотига кўра, АҚШ ва Полша вакиллари СТГ етказиб бериш ҳажмларини ошириш ҳақидаги эълонни шу ҳафта охирида Афинада ўтадиган трансатлантик энергетика конференциясидаги учрашувдан сўнг чиқаришни режалаштирмоқда.

Агентлик таъкидлашича, Полша орқали муҳокама этилаётган етказиб бериш ҳажмлари Словакиянинг бир йиллик газ истеъмолига тенг бўлиши мумкин.

Шу куни, 5 ноябрда, Полша президенти Карол Навроцкий Братиславада: “Полша Америка СТГни Словакияга етказиб бериш ҳаби бўлиши мумкин”, — деди. Унинг таъкидлашича, минтақа мамлакатлари Россиядан энергетик мустақиллик учун бирлашиши лозим, шунингдек Варшава Братислава билан бирга ЕИнинг миграция квоталарига қарши чиқмоқда, деб хабар берди PAP Полша агентлиги.

Словакия президенти Петер Пеллегрини Навроцкий билан қўшма матбуот анжуманида Варшава ташаббусини қўллаб-қувватлаб, буни “энергоресурслар етказиб беришни янада диверсификация қилиш учун ноёб имконият” деб атади. Унинг сўзларига кўра, Полша НАТО доирасида Словакиянинг энергетик ва ҳарбий хавфсизлиги кафилига айланиши мумкин, деб ёзди маҳаллий HNonline.sk нашри.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид