Жаҳон | 22:40 / 10.11.2025
4339
2 дақиқада ўқилади

Европада ўта узоқ масофали парвозлар учун мўлжалланган самолёт йиғилди

A350-1000ULR Qantas авиакомпанияси тарихидаги энг узоқ масофали йўловчи самолёти бўлади.

Фото: Qantas

Австралиянинг Qantas авиакомпанияси Австралиядан Лондон ва Ню-Йоркка қўнмасдан парвозларни йўлга қўйиш бўйича ўзининг улкан Sunrise лойиҳасини амалга ошириш йўлида ҳал қилувчи қадамни ташлади. Бу ҳақда CNN ёзди.

Маълум қилинишича, Тулузадаги заводда дастурнинг биринчи самолёти - гигант Airbus A350-1000ULR йиғилган.

Муҳандислар аллақачон фюзеляжнинг асосий қисмларини бирлаштирди, шунингдек, қанот, дум қанотлари ва шассини ўрнатди. Биринчи машинани етказиб бериш келгуси йилнинг иккинчи ярмига режалаштирилган.

A350-1000ULR Qantas тарихидаги энг узоқ масофали йўловчи самолёти бўлади. Тахминларга кўра, у ҳавода 22 соатгача бўлиши мумкин (Мелбурн ва Ню-Йорк ўртасидаги масофа тахминан 16,7 минг км). Бунинг учун самолётга ҳажми 20 минг литр бўлган қўшимча марказий ёнилғи баки ўрнатилди.

Самолётда атиги 238 та ўриндиқ бўлади, бошқа А350-1000 самолётларида эса тахминан 400 та.

Айтиш жоизки, 2019 йилда Qantas самолёти «Лондон - Сидней» йўналиши бўйича қўнишсиз парвозни амалга оширган. Boeing-787-9 Dreamliner самолёти синов парвози вақтида 19 соат 19 дақиқа ҳавода бўлган. Бу вақт ичида самолёт 17,8 минг километр масофани босиб ўтди.

Парвоз вақтида Boeing-787-9 бортида бор-йўғи 50 киши бор эди, бироқ самолёт 250 нафардан ортиқ йўловчини ташиши мумкин.

Мутахассисларнинг фикрича, янги A350-1000ULR ишга туширилиши Qantas учун янги имкониятлар эшигини очади. Бу, шунингдек, Airbus авиакомпаниясига Boeing билан глобал қарама-қаршиликда қўшимча устунлик беради.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид