Жаҳон | 13:37 / 11.11.2025
2063
3 дақиқада ўқилади

РФда муҳим объектларни ҳимоя қилиш учун захирадагилар жалб этилмоқда

«Коммерсант» маълумотига кўра, Россия минтақалари муҳим аҳамиятга эга объектларни ҳимоя қилиш учун захирадагиларни жалб этиш кампаниясини бошламоқда. Бунинг учун аввалроқ РФ президенти Владимир Путин тегишли қонунни имзолаган эди.

Фото: РИА Новости

Камида 19 та Россия региони мамлакат ҳудудида муҳим аҳамиятга эга объектларни ҳимоя қилишга жалб этиладиган бўлинмаларга захирадагиларни танлаш кампаниясини бошлаган, деб ёзади «Коммерсант» 10 ноябрга ўтар кечаси. Буни амалга оширишга имкон берадиган фармонни 4 ноябр куни РФ президенти Владимир Путин имзолаган.

Журналистлар аниқлаштиришича, «аввало душман дронларига қарши курашда» қўлланадиган захирадагилар ушбу даврга ҳарбий хизматчи мақoмини олади. Захирадагиларни ҳимоя ишларига махсус йиғинлар давомида жалб қилиш мумкин бўлади, «уларнинг тартибини ҳукумат белгилайди».

РФ Мудофаа вазирлигининг лойиҳа қарорига кўра, бундай йиғинларда бўлиш муддати йилига олти ойдан ошмаслиги керак. Уларда қатнашган захирадагиларга «асосий иш жойида ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда тўловлар, шунингдек, вазифалар бажарилишига қараб қўшимча устамалар ва мукофотлар» тўланади. «Агар захирачи ҳалок бўлса, унинг оиласига ҳарбий хизматчилар учун белгиланган тўлов ва имтиёзларга тенг ҳажмдаги тўлов ва имтиёзлар берилади», — дея таъкидлайди «Коммерсант». Тўлов миқдори захирачи йиғин ўтадиган регионга боғлиқ бўлади.

Ёш чекловлари, Мудофаа вазирлиги ҳужжатидан келиб чиқишича, оддий аскар ва сержантлар учун 50 ёш, кичик ва катта офицерлар учун эса 60–65 ёш этиб белгиланади. Номзодлар соғлиқ тоифаси бўйича камида «В»дан паст бўлмаслиги ва камида тўққиз синфлик таълимга эга бўлиши керак. Шунингдек, уларнинг судланганлик ҳолати бўлмаслиги шарт.

Бундан олдин Бош штабнинг асосий ташкилий-мобилизация бошқармаси раҳбар ўринбосари, вице-адмирал Владимир Цимлянский таъкидлашича, захирачилар Россиянинг Украинага қарши урушига ва РФ ҳудудидан ташқаридаги вазифаларга жалб этилмайди. Бироқ Путин имзолаган фармонда захирачилардан фойдаланишга доир бундай чекловлар мавжуд эмас.

4 ноябр куни Владимир Путин шунингдек, мамлакат фуқароларини 1 январдан 31 декабргача — бутун календар йили давомида ҳарбий хизматга чақиришга имкон берадиган қонунни имзолади. 2026 йил 1 январдан бошлаб ҳарбий бўлимлар чақирувга оид электрон чақирувномаларни ҳар куни юбориши, чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиши ва чақирув комиссияси йиғилишларини ўтказиши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, ҳарбий комиссариатга келиш санаси давлат реестрида электрон чақирув жойлаштирилган кундан эътиборан 30 кундан ошмаслиги белгиланади. Ҳозир электрон чақирувномаларнинг амал қилиш муддати чекланмаган. Ҳарбий хизмат ўтиладиган жойга юбориш эса, аввалгидек, йилига икки марта амалга оширилади — 1 апрелдан 15 июлгача ва 1 октябрдан 31 декабргача.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид