Жаҳон | 21:17 / 12.11.2025
7974
2 дақиқада ўқилади

Украина ТИВ Россия билан тинчлик музокаралари тўхтатилганини эълон қилди

Украина Ташқи ишлар вазирлиги тинчлик музокаралари жорий йилда сезиларли тараққиётсиз якунланди, деб ҳисобламоқда.

Фото: Getty images

Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокаралари жорий йилда сезиларли тараққиётсиз якунланди, шунинг учун уларни тўхтатишга қарор қилинди, деди Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Кислица 11 ноябрь куни Times газетасига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, Киев 2025 йил ёзидан бери Украинанинг халқаро ҳамкорларидан Россия президенти Владимир Путинга президент Володимир Зеленский билан шахсан учрашишга рози бўлиши учун босимни кучайтиришга эришиш мақсадида фаол иш олиб бормоқда.

«Диктатура шароитида диктаторнинг музокара гуруҳлари билан самарали мунозара олиб бориб бўлмайди. Уларда жуда қаттиқ мандат бор ва улар ўзига буюрилган позицияни ҳимоя қилиши керак», деди Кислица Украина ва Россия делегацияларининг Истанбулдаги музокаралар жараёнини назарда тутиб.

Туркиядаги музокаралар уч босқичда - май, июнь ва июль ойларида бўлиб ўтди. Украина томонининг асосий позицияларидан бири ўт очишни сўзсиз тўхтатиш ва фуқаролик инфратузилмасига зарба беришни тўхтатиш эди. Россия президенти ёрдамчиси Владимир Мединский бошчилигидаги делегация сулҳдан де-факто бош тортди. Москва, шунингдек, Украинанинг Россия томонидан аннексия қилинган ҳудудларини тан олишни ва Украина Қуролли кучлари сонини чеклашни талаб қилди.

Кислицанинг интервьюсидан сўнг Россия Ташқи ишлар вазирлиги Кремль Туркияда Украина билан музокараларни қайта бошлашга тайёрлигини айтиб, тинчлик жараёни Киев томонидан тўхтатилганини таъкидлади.

«Туркия вакиллари уларни (музокараларни) қайта бошлашга бир неча бор чақирган. Россия жамоаси бунга тайёр, тўп Украина томонида», деб маълум қилди Россия ТИВ МДҲ мамлакатлари иккинчи департаменти раҳбари Алексей Полишук.

Унинг таъкидлашича, Истанбулда Украина томони билан бўлиб ўтган учрашувлар чоғида «кенг кўламли ҳарбий асирлар алмашинуви, ҳалок бўлганларнинг жасадларини қайтариш, тинч аҳолини қайтариш бўйича гуманитар соҳада муҳим келишувларга эришилган».

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид