Жаҳон | 19:23 / 13.11.2025
2059
2 дақиқада ўқилади

Франция ҳукумати Telegram асосчиси Дуровга қўйилган чекловларни бутунлай олиб ташлади

Таъкидланишича, Павел Дуров илгари суд назоратига аъло даражада риоя қилган ва чекловларнинг олиб ташланиши шу билан боғлиқ.

Фото: Bloomberg

Франция ҳукумати Telegram асосчиси Павел Дуровнинг ҳаракатланишига қўйилган чекловларни бутунлай бекор қилди. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбага иқтибос келтирган ҳолда Bloomberg хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, қарор 10 ноябрдан кучга кирган. У мамлакатдан чиқишни тақиқлашни ҳам, полицияда мунтазам равишда қайд этиб туриш талабини ҳам бекор қилади. Энди Дуров суд органларини олдиндан хабардор қилмасдан Франция ҳудудини эркин тарк этиши мумкин.

AFP манбасига кўра, Дуров илгари суд назоратига аъло даражада риоя қилган ва чекловларнинг олиб ташланиши шу билан боғлиқ.

Чет элга чиқиш тақиқи Франция тергов органлари Telegram платформасига нисбатан олиб борган тергов билан боғлиқ эди. Тергов платформа асосчисини ноқонуний контент тарқатиш, жиноий фаолиятни мувофиқлаштириш ва модерация талабларини бузганликда гумонламоқда. Тергов ҳамон давом этяпти.

Ушбу иш доирасида Дуровга Францияни тарк этишни тақиқлаш ва полицияга мажбурий равишда келиш бўйича суд назорати тайинланган эди. 2025 йил ёзида чоралар қисман юмшатилди, қисқа муддатли саёҳатларга рухсат берилди, аммо тўлиқ ҳаракатланиш эркинлиги чекланганлигича қолди. Энди, янги маълумотларга кўра, барча чекловлар бутунлай олиб ташланди.

Дуров вакиллари ёки Франция расмийлари вазиятга ҳозирча расмий изоҳ бермади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид