Жаҳон | 12:33 / 14.11.2025
1901
3 дақиқада ўқилади

ЕK: Суриштирув Украинада коррупцияга қарши кураш олиб борилаётганини кўрсатади

Украинадаги антикоррупция органлари ишлаяпти, деб жавоб қайтарди Европа комиссияси Киевдаги коррупция можароси ҳақидаги саволга. Брюсселда таъкидланишича, коррупцияга қарши курашиш мамлакатнинг Евроиттифоққа аъзо бўлиши учун асосий шарт ҳисобланади.

Фото: AP

Украинадаги коррупция можаросига оид суриштирув шуни кўрсатадики, бу мамлакатда антикоррупция органлари мавжуд ва улар фаолият кўрсатмоқда, деб айтди Европа комиссияси (ЕК) вакиллари 13 ноябр куни Брюсселдаги матбуот анжуманида. Уларга Украинада юзага келган коррупция можароси мамлакатнинг Евроиттифоққа аъзо бўлиш масаласини кун тартибидан тушириб ташлайдими, деган савол берилган эди.

«Коррупцияга қарши курашиш Европа Иттифоқини кенгайтириш бўйича пакетимизда марказий ўринда туради, у бу масаладаги умумий позицияни белгилайди. Таъкидламоқчиманки, коррупцияга қарши курашиш мамлакатнинг ЕИга аъзо бўлиши учун муҳим шартдир. Бу коррупцияга самарали равишда қарши туриш ва қонун устуворлигини таъминлаш учун доимий саъй-ҳаракатларни талаб қилади. Шу боис келажакда ЕИ аъзоси бўлишга интилаётган Украинада қонун устуворлигининг пойдевори бўлган мустақил антикоррупция органларининг роли ҳимоя қилиниши лозим. Комиссия вазиятни кузатишда давом этади», — дея таъкидлади ЕК вакиллари.

«Украинада ўтказилаётган терговлар шуни кўрсатмоқдаки, бу мамлакатда коррупцияга қарши кураш ва шу йўналишдаги тегишли институтлар ҳақиқатан ҳам мавжуд ва ўз вазифасини — коррупцияга қарши курашишни — бажармоқда. Бу, албатта, биз эътибор қаратадиган соҳалардан бири, жумладан, Евроиттифоққа қўшилиш жараёни контекстида ҳам», — деб қўшимча қилди матбуот хизмати вакиллари.

Шунингдек, улар ЕИ раҳбари Урсула фон дер Ляйен «Украина президенти Володимир Зеленский билан доимий ва жуда тез-тез мулоқотда эканини» қайд этди. ЕК вакиллари, айни ҳолат — яъни Украинадаги коррупция можароси доирасида алоҳида мулоқот бўлган-бўлмаганини тасдиқлай олмаслигини айтди, аммо фон дер Ляйен ва Зеленский «жуда кўп ва мунтазам равишда гаплашиб туради» дея урғулади.

Украина Миллий антикоррупция бюроси (НАБУ) ва Махсус антикоррупция прокуратураси (САП) шу ҳафтада «Энергоатом» давлат компаниясида кенг қамровли коррупция схемаси фош этилгани ҳақида хабар берган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид