Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эркак ва аёлларда хуррак нега турлича? Сабаблар, хавфлар ва уни камайтириш бўйича лайфхаклар
Хуррак — шунчаки ёқимсиз ва ноқулай товуш эмас. У уйқу сифатининг бузилиши, ҳатто организмдаги яширин муаммоларнинг белгиси бўлиши мумкин. Қизиғи шундаки, эркаклар ва аёлларда хурракнинг келиб чиқиш сабаблари бир хил эмас — биологик ва гормонал фарқлар катта рол ўйнайди.
Фото: Pexels
Эркакларда хуррак нега кўпроқ?
Статистика бўйича хуррак отадиган эркаклар сони аёлларга қараганда 2–3 баробар кўпроқ. Сабаби эркак организмининг анатомик тузилиши. Эркакларда бўйин ва томоқ қисмидаги тўқималар кенгроқ ва мушакли. Уйқу пайтида ушбу ҳудуд тезроқ бўшашиб, ҳаво йўлини қисқартиради.
Шунингдек, эркак организмидаги тестостерон ҳам хурракка сабаб бўлади. Чунки тестостерон мушакларни бўшаштирувчи гормон. Тунда томоқ мушаклари баттар бўшашиб, ҳаво ўтиши қийинлашади — натижада хуррак пайдо бўлади. Ёки ортиқча вазн, семизлик ҳам хурракка сабаб бўлади. Эркакларда вазн асосан қорин ва бўйин атрофига тўпланади. Бу эса нафас йўлини қисқартиради. Натижада хуррак пайдо бўлади.
Аёлларда хуррак қандай кечади?
Аёлларда хуррак камроқ учраса-да, сабаблари анча нозик. Кўпинча бу ҳолат аёл танасининг эстроген ва прогестерон гормонлари билан боғлиқ. Бу гормонлар нафас йўлини тонусда ушлаб туради. Шунинг учун ёш аёлларда хуррак кам учрайди.
Аёлларда менопауза даврида хуррак отиш эҳтимоли ошади. Гормонлар камайиши билан аёлларда хуррак ажабланарли даражада кўпаяди — баъзан эркаклар билан деярли бир хил даражага етади. Худди эркаклар каби аёлларда ҳам ортиқча вазн хурракка сабаб бўлиши мумкин. Чунки аёллар вазн йиғганда ҳаво йўлини ёпиб қўядиган тўқима тезроқ ҳосил бўлади.
Булар эркаклар ва аёлларнинг хуррак отиш масаласидаги айрим сабаблар. Аммо икки жинсда ҳам юз берадиган бир хил сабаблар бор. Масалан:
- Бел билан ётиш
- Бурун битиши, аллергия
- Чарчоқ, стресс
- Алкоголь
- Уйқу гигиенасининг бузилиши каби.
Хурракни камайтириш учун лайфхаклар
1. Ётиш позициясини ўзгартириш керак. Осмонга қараб ётиш — энг катта хато, ёнбош билан ётишни одат қилинг.
2. Ёстиқ баландлигини тўғри танлаш. Жуда баланд ёстиқ — ҳаво йўлини қисқартиради, жуда пасти — мушакларнинг бўшашишига олиб келади.
3. Уйқу олдидан овқат ва чой-кофе ичманг. Тахминий вақт: уйқу олдидан 3 соат ичида овқат, 5 соат ичида кофеин истеъмол қилмаслик керак.
4. Алкогол истеъмол қилманг. Алкогол томоқ мушакларини кучли бўшаштиради ва хуррак кучаяди.
5. Бурун битиб қолмаслиги керак. Зарурат бўлганда тузли спрей, ингаляция, ҳаво намлагич ёрдам беради.
6. Ортиқча вазндан қутулиш чоралари зарур. 5–10% вазн камайиши ҳам хурракни 30–50%га қисқартиради.
7. Ухлайдиган хона ҳавосини назорат қилиш: нам ва тоза ҳаво бўлсин. Қуруқ ҳаво томоқни қуритиб, хурракни кучайтириши мумкин.
Қайси текширувлар керак? (энг минимал ва самарали)
Бурунда муаммолар, аденоид ёки томоқдаги тўқималар оқибати бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда дастлаб ЛОР текширувидан ўтиш керак. Шунингдек, ўзингизда уйқу апноэси бор-йўқлигини аниқланг. Агар апноэ бўлса — хавфли ва даволаш зарур.
Қон текширувлари (айниқса аёлларда): қалқонсимон без гормонлари (TSH), менопаузага оид гормонлар (FSH, LH, эстроген) миқдорини аниқлаш учун таҳлиллар топшириш керак.
Хуррак — эркакларда анатомия ва тестостерон таъсири сабаб кўпроқ учрайди, аёлларда эса асосий омил гормонал равишда ўзгаради. Бироқ ҳар икки жинсда ҳам уни камайтириш мумкин — турмуш тарзи, уйқу одатлари ва минимал текширувлар сизга ёрдам беради.
Мавзуга оид
13:12 / 25.03.2025
Ўсишдан тўхташи мумкин — мутахассис болаларда уйқу етишмаслиги оқибатларидан огоҳлантирди
20:47 / 14.03.2025
Олимлар уйқусизлик ва фитна назариялари ўртасидаги боғлиқликни аниқлади
14:36 / 04.01.2025
Кунига 9 соатдан кўп ухлаш инсултга сабаб бўлиши мумкин — тадқиқот
17:17 / 28.12.2024