Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Инвестиция шартларини бузган тадбиркорларга ер бўйича имтиёзлар қисқаради
Қонунчилик палатасида давлат божига оид қонунга ўзгартиш киритиш таклиф этилди. Унга кўра, инвестиция мажбуриятларини бажармаган тадбиркорларнинг ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилиш бўйича судга мурожаат қиладиган махсус иқтисодий ва саноат зоналари дирекциялари давлат божини тўлашдан озод этилиши кўзда тутилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 9-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатда ер ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, давлат ва жамият манфаатларини кўзлаб ер ажратиш жараёнида белгиланган инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши устидан назоратни кучайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, айрим хўжалик юритувчи субъектлар ўз зиммасига олган мажбуриятларни тўлиқ бажармаётгани, ердан самарасиз ёки ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари учраётгани бу соҳада қўшимча ҳуқуқий механизмлар жорий этиш заруратини келтириб чиқарди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, махсус иқтисодий ва саноат зоналари дирекциялари тадбиркорлик субъектлари инвестиция битими шартларини бузган ҳолларда уларнинг ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилиш тўғрисида иқтисодий судларга даъво аризаси киритганда давлат божини тўлашга мажбур. Бу эса дирекцияларнинг асосий вазифаларини бажаришига, ҳудудий саноат салоҳиятини ривожлантириш ва инвестицияларни жалб этишга йўналтирилиши лозим бўлган ресурсларнинг қисқаришига олиб келмоқда.
Қонун лойиҳаси билан “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга шундай қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқдаки, унга мувофиқ махсус иқтисодий ва саноат зоналари дирекциялари инвестиция мажбуриятларини бажармаган тадбиркорлик субъектларининг ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилиш юзасидан иқтисодий судларга киритадиган даъво аризалари бўйича давлат божини тўлашдан озод этилади.
Депутатлар таъкидлашича, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида ундаги нормалар амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштирилган, ҳуқуқни қўллашда тушунмовчиликлар ва коллизияларнинг олдини олиш, ер муҳофазаси ҳамда ундан фойдаланиш бўйича барча мажбуриятларни тўлиқ акс эттиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Мажлис якунида қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди. Ҳужжат қабул қилиниши натижасида ер ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишга хизмат қилмаган, инвестиция шартларини бузган тадбиркорлар учун ер бўйича мавжуд имтиёзлар амалда кескин қисқаради.
Мавзуга оид
17:59 / 20.06.2026
Ўзбекистон фуқароларининг хориждаги компаниялар акцияларини сотиб олиши осонлашади
21:24 / 17.06.2026
Ўзбекистон инвестициявий салоҳиятини изчил ошириб бормоқда - Саида Мирзиёева
20:58 / 16.06.2026
Саида Мирзиёева АҚШ компаниялари вакиллари билан учрашди
18:04 / 16.06.2026