Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбек шахматчиси илк бор FIDE Жаҳон кубоги финалида ўйнайди
Шунингдек, камида бир нафар ўзбекистонлик шахматчи жаҳон шахмат тожига даъвогарларнинг 2026 йилги турнирига йўл олади.
Жавоҳир Синдаров ва Нодирбек Ёқуббоев
Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида шахмат бўйича 2025 йилги Жаҳон кубоги (FIDE World Cup 2025) давом этмоқда.
Мусобақа чоракфиналида ўзбекистонлик шахматчилар муваффақиятли иштирок этди. Жумладан, Жавоҳир Синдаров мексикалик Хосе Алкантарани 3,5:2,5 ҳисобида, Нодирбек Ёқуббоев эса германиялик Александр Донченкони 1,5:0,5 ҳисобида мағлуб этди.
Энди яримфинал баҳсида Синдаров ва Ёқуббоев ўзаро тўқнашади, бу эса ўзбекистонлик шахматчилардан бирининг финалда иштирокини таъминлайди. Қайд қилиш жоиз, ўзбек шахмати тарихида бу биринчи марта юз бермоқда.
FIDE Жаҳон кубоги мусобақаси жаҳон чемпионини аниқламайди: дастлабки уч ўринни эгаллаган шахматчилар жаҳон шахмат тожига даъвогарларнинг 2026 йилги турнирига йўл олади. Улар орасида камида бир нафар ўзбекистонлик шахматчи бўлади. Бу ҳам ўзбек шахмати тарихида илк маротаба юз беради.
Шахмат тожига даъвогарларнинг 2026 йилги турнири 28 мартдан 16 апрелга қадар Кипрда ўтказилади. Унда 8 нафар шахматчи иштирок этади. Ҳозирча мусобақага йўлланма олганлар: Фабиано Каруана (АҚШ), Аниш Гири (Нидерландия), Маттиас Блюбаум (Германия), Хикару Накамура (АҚШ).
Мусобақа ғолиби шахмат тожининг амалдаги эгаси – ҳиндистонлик Гукеш Доммаражуга қарши баҳс олиб боради.
Мавзуга оид
17:08 / 23.11.2025
Шахматчи Жавоҳир Синдаров Жаҳон кубоги финалига чиқди
17:27 / 15.06.2024
UzChess Cup супертурнирида ўзбекистонлик шахматчи ғалаба қозонди
17:40 / 29.03.2023
Жавоҳир Синдаров «Рустам Қосимжонов халқаро турнири» ғолиби бўлди
21:44 / 29.01.2023