Туманнинг 35-боғча мудираси Ҳусния Абдусаматова Kun.uz’га жанжал сабабини тушунтираркан, ММТБ раҳбари Саҳобиддин Мирзаматов унинг лавозимини бошқа шахсга олиб бериш истагида турли босимлар қилганини айтмоқда. У воқеа ортидан ноҳақ ишдан бўшатилгани, 1 йилдан бери мудиралик маошини ололмаётгани ҳамда расмийлар айни вазиятни чуқурроқ ўрганмаганидан норози.

Ноябр бошида тармоқларда Оҳангарон туманидаги боғча мудираси ва туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари жанжаллашгани акс этган видеолар тарқалди.

Тошкент вилояти ММТ бошқармаси расмий муносабат билдириб, ҳолат назоратга олингани ҳамда ишчи гуруҳ томонидан ўрганилганини маълум қилган.

Айтилишича, ҳолат шу йилнинг июл ойида содир бўлган. Боғча мудираси Ҳусния Абдусаматова иш фаолияти давомида турли қонун бузилишларига йўл қўйган. Саҳобиддин Мирзаматов томонидан огоҳлантиришлар берилганида камчиликларни тан олмай, жанжалли вазиятни келтириб чиқарган.

Ҳолат вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари томонидан атрофлича ўрганилиб, қонунда белгиланган тартибда таъсир чоралари кўрилди. Жумладан, боғча директори билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди”, – дейилади изоҳда.

Боғча мудираси ва бўлим бошлиғи ўртасидаги низонинг сабаби нима?

Kun.uz’га мурожаат қилган Абдусаматова ҳеч қандай ишчи гуруҳ тузилмагани, вазият ўрганилмагани ва асл ҳолат бошқача эканини айтмоқда. 2024 йил март ойидан бери шу боғчада ишлаб келаётган Абдусаматова таҳририятга вазиятни тушунтиришга уринди.

Мен Оҳангарон туман мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 35-боғчага сафарбарлик буйруғи билан раҳбарликка тайинланганман. Ўзи мен тадбиркор эдим. Оилавий боғча ишлатар эдим. Ўша маҳаллада биттагина оилавий тадбиркорликни йўлга қўйганман. У маҳаллада боғча йўқ эди.

Яхши ишлаб юрган пайтимда ўзлари бир кун чақиртирди. “Маҳаллангда боғча очиляпти, ўша ерга номзод йўқ, сенинг номзодингни қўйяпмиз”, деди. “Ҳа, майли”, дедим. “Мен ҳали битирмаганман ўқишни, диплом олмаганман ҳали, битирувчи курсман. Ҳали давлат имтиҳонидан ўтмадим” десам, “Майли, битиргунингча в.б. бўлиб турасан, кейин ўтказамиз директорликка”, деди. Кейин майли, дедим.