Жаҳон | 11:10 / 21.11.2025
15321
3 дақиқада ўқилади

Зеленский АҚШнинг тинчлик режаси устида ишлашга рози бўлди

Axios маълумотига кўра, Киев ва Вашингтон имкон қадар тезроқ битим имзолашга келишиб олган.

Фото: Ukrinform/NurPhoto via Getty Images

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ армия вазири Дэниел Дрисколл билан учрашувда Вашингтон билан АҚШ маъмуриятининг янги тинчлик режаси устида ишлашга тайёрлигини билдирган. Бу ҳақда Axios хабар берди.

Зеленскийнинг ўзи эса ҳар кунги мурожаатида Украина ва АҚШ делегациялари «урушни якунлаш бўйича режа бандлари устида ишлаши» ҳақида гапирган.

Axios маълумотига кўра, Дрисколл 20 ноябр куни Киевда бўлиб ўтган ўзаро музокаралар чоғида Зеленскийга режа нусхасини тақдим этган.

Нашрнинг америкалик расмийлар орасидаги манбаси айтишича, Зеленский ва Дрисколл учрашув чоғида битимни имкон қадар тезроқ имзолашга ҳам келишиб олган.

Аввалроқ Америка нашрлари мазкур режа Россия вакиллари билан маслаҳатлашилган ҳолда ишлаб чиқилгани туфайли Зеленский уни муҳокама қилишга тайёр эмаслигини хабар қилганди. Версиялардан бирига кўра, шу туфайли у ва мазкур режа архитектори – АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ўртасида Туркияда бўлиб ўтиши режалаштирилган учрашуви бекор қилинган.

Дрисколл билан учрашувда эса Зеленский анча муросасоз позицияни эгаллаган. «Ечим тинчликка эришиш учун бу борада биргаликда ишлашга ҳаракат қилишда», – дейди Axios билан суҳбатда украиналик мулозимлардан бири.

Ўз навбатида, Трамп маъмурияти 19-20 ноябр кунлари Украина ва унинг Европадаги иттифоқчилари билан музокараларда таклиф этилган режа ҳали якуний ҳужжат эмаслиги ва уларнинг позициялари ҳам ҳисобга олинишига ишонтирган.

АҚШ армияси вакили Дэйв Батлернинг хабар қилишича, Зеленский ва Дрисколл аввалига АҚШ ва Украина ўртасида урушни тўхтатиш бўйича кенг қамровли режа – келишув тузилишига келишиб олинди.

Америка нашрлари Трамп маъмурияти Украина можаросини ҳал қилиш бўйича 28 банддан иборат янги режа ишлаб чиққанини хабар қилганди. Нашрнинг ёзишича, режада Киевдан Донбассни Россияга топшириш, Украина қуролли кучларидаги ҳарбийлар сонини қисқартириш, Россия ҳудудига зарба йўллаш имконини берадиган узоқ масофали қуроллардан воз кечиш ҳамда рус тилини Украинада расмий тилга айлантириш каби бандлар бор. Бунинг эвазига АҚШ томонидан хавфсизлик кафолатлари тақдим этиш назарда тутилган. Украина ва унинг иттифоқчилари бунгача Москванинг худди шу каби таклифларини ултиматум сифатида рад этаётганди.

Режани ишлаб чиқишда АҚШ Россия вакиллари билан маслаҳатлашган. Европа расмийлари режа тузишга жалб қилинмаган, версиялардан бирига кўра, Украина томони ҳам. Axios’нинг таъкидлашича, Украина АҚШ ва Россия вакиллари ўртасидаги узоқ давом этган музокаралардан кейингина жалб қилинди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид