Жаҳон | 15:13 / 22.11.2025
1684
2 дақиқада ўқилади

БМТ: деярли 10 миллион украинaлик қочқинга айланди

2025 йилда Украинада 122 минг киши урушдан қочиб, ўз уйини тарк этгани ҳисоблаб чиқилди, деб хабар берди БМТ. Уруш бошланганидан бери украиналик қочқинлар сони 10 миллионга яқинлашди.

Фото: AP

Уч ярим йилдан ортиқ вақтдан бери давом этаётган Украинадаги уруш бу мамлакатдан қочқинлар сонининг ортишига олиб келмоқда. Тахминан 10 миллион украинaлик ўз уйини жанг ҳаракатларидан қутулиш учун тарк этган ва мажбурий кўчирилганларга айланган ёки мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси жума куни, 21 ноябрда эълон қилган маълумотларида қайд этди.

Жаҳон ташкилотига кўра, фақат жорий йилнинг ўзида зўравонликдан 122 минг киши қочган. Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси маълумотларига кўра, уларнинг аксарияти фронт чизиғига яқин ҳудудлардан бўлган аёллар, болалар ва кексалардир. Уруш бошланганидан бери Украинада юз минглаб ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган ёки яраланган, дея қўшимча қилди бошқарма.

БМТ, айниқса, ўз уйини тарк этмаганлар аҳволига алоҳида эътибор қаратди. Донецк вилоятидаги Покровск ва Мирноград шаҳарларида ҳали ҳам асосан кекса ва ногиронлиги бўлган тахминан 1500 киши яшамоқда, уларнинг сув, электр энергияси ва тиббий хизматдан доимий фойдаланиш имконияти йўқ, дея таъкидлади Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси. БМТ бошқармаси маълумотларига кўра, Лиман шаҳрида давом этаётган жанглар туфайли тахминан 3000 киши гуманитар ёрдамдан бутунлай узилган.

Ташкилот болаларни энг заиф гуруҳлардан бири сифатида тилга олди. Кўплаб вояга етмаганлар бир неча бор мажбурий кўчиришга дучор бўлган, айримлари эса жанглар бевосита яқинида яшаган ёки ўз кўзлари билан мактаби, уйи ва шифохонаси қандай вайрон қилинаётганини кўрган, деб қўшимча қилди БМТ.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид