Жаҳон | 22:28 / 22.11.2025
5321
2 дақиқада ўқилади

Европа АҚШга Трамп тинчлик режасига қарши таклифларни юборди

Европа давлатлари келажакдаги дунёнинг барқарорлигини таъминлаш учун тинчлик режасини тузиш жараёнида иштирок этишга тайёр эканлигини таъкидлади.

Фото: Michael Kappeler / dpa

Буюк Британия, Германия ва Франция ҳукуматлари шу ҳафта тақдим этилган Американинг Украина бўйича тинчлик режасидан ҳайратда қолди. Натижада европаликлар Жанубий Африкадаги G20 саммити доирасида АҚШ таклифи бўйича ўз позицияларини келишиб олди, деб ёзди Германиянинг Der Spiegel нашри.

Таъкидланишича, Германия ва Украинанинг бошқа асосий тарафдорлари Трамп режасининг ҳозирги кўринишини рад этмоқда. Лойиҳа база бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлса-да, унинг устида ишлашни давом эттириш керак, дейилади G20 саммити доирасидаги фавқулодда йиғилишдан сўнг эълон қилинган баёнотда.

Европа давлатлари келажакдаги дунёнинг барқарорлигини таъминлаш учун жараёнда иштирок этишга тайёр эканлигини таъкидлади. Таъкидланишича, мунозарали 28 банддан иборат режанинг сезиларли даражада қайта ишланган версияси Қўшма Штатларга юборилган. Тафсилотлар ҳозирча ошкор этилмади.

Еврокенгаш раиси Антониу Кошта, ўз навбатида, ЕИ Украинада тинчлик ўрнатиш борасидаги АҚШ саъй-ҳаракатларини олқишлашини айтди. Аммо АҚШ президенти Доналд Трампнинг 28 та банди «қайта ишлашни талаб қилади».

«Мен Европа Иттифоқининг барча 27 етакчисини душанба куни Луандада бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи - Африка Иттифоқи саммити доирасида Украина бўйича махсус учрашувга таклиф қилдим», деди у Х ижтимоий тармоғида.

Аввалроқ, Европа, Канада ва Япония етакчилари Трампнинг тинчлик режасидаги номақбул бандларни айтгани ҳақида хабар берилганди. Улар 28 банддан иборат режада адолатли ва мустаҳкам тинчлик ўрнатиш учун зарур бўлган «муҳим элементлар» мавжудлигини тан олишди, аммо нозик томонлари ҳам бор. Шунинг учун европаликлар Трамп режасининг камида 4 та бандини ўзгартирмоқчи. Аввало, европаликлар ҳудудларни бўлиш, яъни бутун Донбасс ва Қримни Россияга тегишли деб тан олиш таклифига рози эмас.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид