Жаҳон | 22:00 / 25.11.2025
10205
4 дақиқада ўқилади

АҚШ тинчлик режасини қисқартирди – ва энди Россияни уни қабул қилишга кўндирмоқчи

Фото: Reuters

АҚШ президентининг махсус вакили Дэн Дрисколл бугун Абу-Дабида Россия вакиллари билан музокаралар ўтказмоқда, унда Доналд Трампнинг урушни тўхтатиш режаси муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда Politico манбаларга таяниб ёзмоқда.

Дрисколл 24 ноябр куни кечқурун Абу-Дабига учиб келган, CBS News хабарига кўра, у аллақачон Россия вакиллари билан битта учрашув ўтказишга улгурган, бугун эса яна бир музокара ўтказилади.

Politico нашри таъкидлашича, Абу-Дабидаги музокараларда Дрисколл АҚШ позициясини ифодаловчи ягона юқори мартабали амалдор ҳисобланади. Швейцарияда украинлар билан музокаралар олиб борган давлат котиби Марко Рубио ва махсус вакил Стив Уиткофф аллақачон Вашингтонга қайтган. Абу-Дабига Россия томонидан кимлар боргани номаълум. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бу сафарги музокараларда Россия делегацияси ҳам иштирок этаётганини расман тасдиқлашдан ҳам бош тортган.

Россия делегацияси билан учрашувга Дрисколл тинчлик режасининг такомиллаштирилган янги версияси билан (унга Украина томони эътирозларидан кейин тузатишлар киритилган) йўл олди. Бир кун олдин Financial Times ва кейинчалик бошқа кўплаб нашрлар янги версияда аввалгидек 28 та ўрнига 19 та банд қолдирилганини хабар қилганди.

Айнан қайси бандлар чиқариб ташлангани охиригача аниқ эмас. ABC News’нинг таъкидлашича, янги версияда Украина қуролли кучлари сони қисқартирилиши, шунингдек, томонларнинг можаро пайтидаги ҳаракатлари учун тўлиқ амнистия ҳақида сўз кетмайди (аввалроқ ОАВда бу бандни Ғарб ёрдами бўйича текширувлардан қочиш учун украинларнинг ўзи киритгани ҳақидаги версия пайдо бўлганди).

Bloomberg манбалари эса режанинг янги версиясида Россиянинг музлатилган активларидан 100 миллиард долларини (Евроиттифоқдан яна 100 миллиард доллар) Украинани тиклаш дастурларига инвестиция қилиш ҳақидаги банд олиб ташланганини айтмоқда. Аввалроқ бу бандга Евроиттифоқ вакиллари қарши чиққанди. Европа Иттифоқи ҳозирда Россия активларини Украина эҳтиёжлари учун тўлиқ (фақат 100 миллиард доллар билан чекланмасдан) мусодара қилиш имкониятини фаол муҳокама қилмоқда.

Politico ёзишича, ҳудудий масалалар ҳам режа доирасидан ташқарига чиқарилган. Бу масала Доналд Трамп ва Володимир Зеленский ўртасида муҳокама қилиши тахмин қилинмоқда. Украина Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Рустем Умеров бугун Украина президентининг Вашингтонга ташрифи ноябр ойи охиригача режалаштирилганини маълум қилди. Шунингдек, у Женевада бўлиб ўтган музокараларда АҚШ ва Украина келишув режаси бўйича «умумий келишув»га эришганини айтди. Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левитт ҳам аввалроқ аксарият бандлар келишиб олинганини ва «фақат бир неча ҳал қилинмаган масала қолгани»ни таъкидлаган эди.

Ўз навбатида, Дмитрий Песков АҚШ ҳали Россияни режанинг янги версияси билан расман таништирмаганини маълум қилди. Шу билан бирга, у Москвада 28 банддан иборат дастлабки режа «субстантив лойиҳа» деб ҳисобланиши, у «музокаралар учун жуда яхши асос бўлиши мумкинлиги»ни таъкидлаган.

Песков Москвадагилар АҚШ ва Украина маслаҳатлашувлари жараёнида режага тузатишлар киритилаётганини «тўғри тушуниши»ни қайд этди, бироқ Кремл ҳозирча америкаликлардан киритилган ўзгаришлар ҳақида ҳеч қандай маълумот олмаганини айтиб, янги версия юзасидан изоҳ бермади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид