Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп СИ ёрдамида илмий тараққиётни тезлаштириш бўйича «Генезис миссияси»ни ишга туширди
Ташаббус илмий тадқиқотларни ўзгартириш учун АҚШ миллий лабораторияларининг суперкомпютерларини мамлакатнинг етакчи олимлари билан бирлаштиради.
Фото: Getty images
Трамп сунъий интеллект ёрдамида илмий ютуқларни тезлаштириш бўйича миллий дастур - «Генезис миссияси»ни ишга тушириш тўғрисидаги фармонни имзолади, деб хабар берди Оқ уй сайти.
Ташаббус «Apollo» дастуридан илҳомланган ва илмий тадқиқотларни ўзгартириш учун АҚШ миллий лабораторияларининг суперкомпютерларини мамлакатнинг етакчи олимлари билан бирлаштиради.
Дастур умумдавлат ёндашуви ва ресурсларни сафарбар қилишни назарда тутади. Энергетика вазирлигига «жаҳон даражасидаги суперкомпютерлар ва маълумотлар базаларини» сунъий интеллектга асосланган ягона платформага бирлаштириш вазифаси юклатилди. Таъкидланишича, платформа экспериментларни ишлаб чиқишни автоматлаштиради, симуляцияларни тезлаштиради ва федерал тадқиқотлар самарадорлигини ошириш учун прогноз моделларини яратади.
АҚШ президентининг фан ва технологиялар бўйича ёрдамчиси Майкл Красиос асосий федерал агентликлар, жумладан, Миллий илмий жамғарма, Стандартлар ва технологиялар миллий институти ва Миллий соғлиқни сақлаш институтларини мувофиқлаштиришга раҳбарлик қилади. Сунъий интеллект илмий кашфиётлар учун энергетика, соғлиқни сақлаш ва саноат соҳаларидаги маълумотларни таҳлил қилиши айтилмоқда.
Красиос шундай деди: «Президент Трамп Американи инновацияларнинг олтин даврига олиб чиқиш учун сунъий интеллект кучидан фойдаланган ҳолда илмий тадқиқотларга инқилобий ёндашувни қўлламоқда. «Генезис миссияси» тиббиёт, энергетика, материалшунослик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар учун жаҳон даражасидаги илмий маълумотларни Американинг энг илғор сунъий интеллекти билан боғлайди».