Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина яна ўққа тутилди: Киев шаҳри ва областида 9 киши ҳалок бўлган
Сешанбага ўтар кечаси Россия қўшини Киев шаҳри ва Киев области бўйлаб навбатдаги ёпирилма зарбани йўллади, натижада камида тўққиз киши ҳалок бўлган. Бу вақтда Украинанинг Таганрогга зарбаси оқибатида уч киши вафот этган.
Фото: Oleksii Filippov / AFP / Scanpix / LETA
Россиялик ҳарбийлар тунда Украинанинг турли ҳудудлари бўйлаб зарба йўллади.
Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари маълумотига кўра, ҳужумда 464 та зарбдор дронлар ва турли типдаги (ҳаво, денгиз ва қуруқликдан) 22 ракета учирилган.
Президент Володимир Зеленский ҳужумнинг асосий нишонлари энергетика объектлари ва бошқа ўта муҳим инфратузилмалар бўлганини айтган. Ундаги маълумотларга кўра, россияликларнинг тўртта дрони Молдова ва Руминия ҳаво кенгликларини бузиб кирган.
Энг жиддий вайронгарчиликлар Киевда қайд этилган, пойтахтга дронлар ва ракеталар учиб келган.
Днипровск ва Печерск районларида кўп қаватли турар жой бинолари зарбага учраган ва ёнғинлар юзага келган, Святошинский районида эса омборхона ёниб кетган.
Киев шаҳри мэри Виталий Кличко шаҳарнинг турли районларида жами етти киши ҳалок бўлганини хабар қилган. Яна 20 киши жароҳатланган, шундан етти нафари, жумладан, бир бола шифохонага ётқизилган.
Кличко Святошинский районида зарбага учраган бино харобалари остида одамлар қолаётган бўлиши мумкинлигини қўшимча қилган.
Печерск районида ҳам 22 қаватли турар жой биноси ҳужум вақтида шикастланган.
Бундан ташқари, Киев областидаги Белая Церков шаҳрида ҳам ҳужум оқибатида камида икки киши ҳалок бўлиб, саккиз киши яраланди, деб хабар берган шаҳар кенгаши котиби Володимир Вовкотруб.
Област ҳарбий маъмурияти тунда 14 ёшли қиз яралангани тўғрисида хабар қилганди.
Одессада Россия дронлари ҳужуми оқибатида энергетика объектлари ҳамда порт инфратузилмалари шикастланди, деб хабар берди Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати. Одесса области маъмурияти раҳбари Олег Кипернинг маълум қилишича, ҳужум вақтида олти киши яраланган.
Шунингдек, тунда Днипропетровск, Харкив, Черниҳив ва Черкасск областлари ҳам ҳужумга учраган.
Россия жанубига зарба
Ўз навбатида, Россия томони ҳам тунда украинларнинг 250 га яқин дронлари уриб туширилгани ҳақида хабар берган.
Россия мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, 116 та дрон Қора денгиз акваторияси устида, яна тўрттаси Азов денгизи ҳудудида, 76 та дрон Краснодар ўлкасида қайд этилган.
Россиялик ҳарбийларга кўра, яна 23 та учувчисиз учар қурилма аннексия қилинган Қрим ҳудудида, еттитаси Брянск областида, тўрттаси Курск, иккитаси Белгород, биттаси Липецк осмонида йўқ қилинган.
Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратев олдинроқ давомли ва кенг кўламли ҳужумлардан бири бўлиб ўтганини, Новороссийск ва Геленжик кучли зарба остида қолганини хабар қилганди. Ундаги маълумотларга кўра, регионнинг бешта муниципалитети ҳудудида ҳужум оқибатида олти киши яраланган, камида 20 уй шикастланган.
Украин дронларининг тунги ҳужумидан энг кўп Ростов областидаги Таганрог шаҳри азият чеккан. Ростов области губернатори Юрий Слюсарнинг маълум қилишича, ушбу шаҳарда уч киши ҳалок бўлган. Шунингдек, Ростов областининг Неклиновский районида ўн киши яраланган.
Ҳужум чоғида Таганрогдаги иккита кўп қаватли уй, хусусий уй, коллеж биноси, иккита саноат корхонаси ва 7-сонли болалар боғчаси шикастланган, дея хабар берди Таганрог мэри Светлана Камбулова.
Astra нашри ёзишича, Таганрогда Г.М.Бериев номидаги авиасозлик корхонаси яқинидаги учиш-қўниш йўлаги ҳудудида ёнғин содир бўлган.
Украина бош штаби сешанба куни эрталаб Таганрогга берилган зарба натижасида авиасозлик корхонаси ва дронлар заводига зарба берилганини хабар қилган, ҳудудда таъмирлаш жараёнида бўлган А-50 ва Ту-95МС самолётлари шикастланган бўлиши мумкин.
Новороссийскда тўрт киши жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилди, дея аниқлик киритди шаҳар раҳбари Андрей Кравченко. Ўлка губернатори маълумотларига кўра, Кабардинка қишлоғида бир нечта хусусий уйларга зарар етган, бир киши касалхонага ётқизилган.
Украина бош штаби Новороссийскда «Шешхарис» нефт терминали ва С-400 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг учириш қурилмаси шикастланганини даъво қилмоқда.
Кенг кўламли зарбалар алмашинуви Украинадаги урушни тўхтатиш режаси муҳокама қилиниши фонида юз берди. Ўтган дам олиш кунлари Женевада АҚШ ва Украина вакиллари ўртасида Вашингтон томонидан таклиф қилинган тинчлик режасига бағишланган музокаралар ўтказилди. Музокаралардан сўнг иккала томон ҳам «жуда яхши» ва «адолатли ва мустаҳкам тинчлик» йўлидаги «сезиларли тараққиёт» ҳақида баёнот берди.
Мавзуга оид
09:21
ОАВ: Лондон Украинага РФнинг 9 млрд евролик активларини топширишга тайёр
23:21 / 04.12.2025
Украина аҳолиси 42 миллиондан 36 миллионгача камайди – ОАВ
23:00 / 04.12.2025
Америка делегацияси Зеленский билан учрашувни бекор қилган — ОАВ
21:45 / 04.12.2025