Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германияда автотураргоҳ инспектори паркоматлардан катта миқдорда пул ўғирлаганликда гумон қилинмоқда
Полициянинг таъкидлашича, муниципал хизмат ходими кўп ҳолларда паркоматлардан тангаларни ўғирлаган ва уларни рафиқасининг банк ҳисобига қўйган.
Бавариянинг Кемптен шаҳридаги автотураргоҳлар инспектори қўлга олинди, у рафиқаси билан бирга кўчаларга ўрнатилган паркоматлардан миллион евродан ортиқ пул ўғирлаганликда гумон қилинмоқда.
Полициянинг таъкидлашича, муниципал хизмат ходими кўп ҳолларда паркоматлардан тангаларни ўғирлаган ва уларни рафиқасининг банк ҳисобига қўйган.
Жорий йилнинг октябр ойида прокурорлар бир нечта банк ҳисоб рақамларига доимий равишда нақд пул келиб тушаётгани ҳақида маълумот олган. Шундан сўнг, суриштирув бошланган.
24 ноябрь куни гумонланувчилар билан боғлиқ офисларда тинтув ўтказилиб, шу куни улар ҳибсга олинган. Автотураргоҳ инспектори 40 ёшда, унинг рафиқаси эса 38 ёшда, уларнинг исми ошкор этилмаган, чунки Германияда шахсий ҳаёт дахлсизлиги тўғрисидаги қонунлар одамларнинг шахси тўғрисидаги маълумотларни улар айбдор деб топилмагунча ошкор қилишни тақиқлайди.
Автотураргоҳ инспектори ва унинг рафиқасига 720 та ўғрилик ҳодисаси бўйича айблов қўйилиши мумкин.
Гумонланувчилар паркоматлардан тангаларни ўғирлаш орқали айнан қанча вақт ичида шунча катта миқдордаги маблағни тўплаши мумкинлиги ҳозирча аниқ эмас.
Кемптен мэри Томас Килле содир бўлган воқеадан ҳайратда ва қайғуда эканини айтди. Шунингдек, у иш жараёнларини қайта кўриб чиқиш, юзага келиши мумкин бўлган камчиликларни аниқлаш ва келгусида бартараф этишнинг самарали усулларини ишлаб чиқиш учун комиссия тузаётганини айтди.
Кемптен Германиядаги энг қадимги шаҳарлардан бири бўлиб, Бавариядаги Иллер дарёси бўйида, хушманзара Аллага тоғли ҳудудида жойлашган. Шаҳарда 70 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.