Жаҳон | 22:54 / 26.11.2025
4719
3 дақиқада ўқилади

Украина ва АҚШ тинчлик режасининг камида 3 та пунктида ихтилоф қилмоқда – CNN

АҚШ ва Киев позициялари ҳудудлар, Украина Қуролли кучлари сони ва НАТО аъзолиги масалаларида сезиларли даражада фарқ қилади.

Фото: AFP/Getty Images

Доналд Трамп маъмуриятининг Украинага тинчлик режаси бўйича таклифлари ва Киев расмийлари нимага тайёрлиги ўртасида сезиларли тафовутлар мавжуд. Бу ҳақда 26 ноябр куни Американинг CNN телеканали музокаралар жараёнидан хабардор бўлган украиналик юқори мартабали суҳбатдошга таяниб хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, режанинг 28 та бандининг аксарияти бўйича «консенсусга» эришилган - шу билан бирга, томонларнинг фикрлари сезиларли даражада фарқ қиладиган камида учта масала мавжуд.

Гап, хусусан, Донбассдаги бир қатор муҳим ҳудудлар Москва назорати остига ўтиши ҳақида бормоқда. АҚШ аввалроқ Украинага у ерда Россия назорати остидаги демилитаризация зонасини яратишга рози бўлишни таклиф қилган эди. Украиналик манбанинг маълум қилишича, бу таклиф бўйича «маълум ютуқларга эришилган», бироқ якуний қарор қабул қилинмаган.

Бундан ташқари, Украина Қуролли кучлари (УҚК) сонини 600 минг киши билан чеклаш бўйича АҚШ таклифи ҳам муҳокама қилинмоқда. Киев ҳозирча бу ғояни «маъқуллашга тайёр эмас».

Ниҳоят, Украина НАТО аъзоси бўлиш истиқболидан воз кечмоқчи эмас. Бундай ён бериш «ёмон прецедент» яратган ва Россияга алянсга янги номзодларни қабул қилишга вето қўйиш ҳуқуқини берган бўларди, деб таъкидлади манба.

Телеканалнинг таъкидлашича, ҳар учала банд ҳам Украина учун «қизил чизиқлар», аммо Москва учун принципиал ҳисобланади.

Трамп маъмурияти буни қандай кўрсатишга уринмасин, гап умуман «келишмовчиликларнинг қолган бир нечта оддий бандлари» ёки «ҳал қилиниши керак бўлган майда тафсилотлар» ҳақида кетмаяпти, дея таъкидлайди CNN.

Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк DW билан суҳбатда музокаралар чоғида АҚШ президентининг тинчлик режаси қисман ўзгартирилгани, «айрим нозик масалалар алоҳида муҳокамага қўйилганини» тасдиқлаган эди.

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермакнинг Axios нашрига маълум қилишича, Зеленский шу ҳафтадаёқ Трамп билан шахсан учрашиб, урушни тўхтатиш бўйича қўшма режани келишиб олишга умид қилмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид