Технология | 19:05 / 26.11.2025
4733
7 дақиқада ўқилади

WeChat’да рўйхатдан қандай ўтиш ва фойдаланиш мумкин?

Хитойдаги рақамли муҳит маҳаллий платформаларга асосланган: деярли ҳар бир хорижий сервиснинг хитойча муқобили мавжуд. Telegram’да ёзиш, Yandex орқали такси чақириш ёки Google Maps’да меҳмонхона қидиришнинг иложи йўқ — бу сервислар блокланган. Бутун рақамли ҳаёт WeChat орқали: унда мулоқот қилишади, харидлар учун тўлашади ва хизматлардан фойдаланишади.

Фото: Shutterstock

Келинг, WeChat’ни қандай ўрнатиш, профилни созлаш, тўловларни улаш ва ўрнатилган хизматлардан фойдаланишни кўриб чиқамиз.

WeChat нима

WeChat — бу Хитойда мулоқот, тўлов ва турли хизматлардан фойдаланиш учун ишлатиладиган илова. Уни Tencent компанияси ишлаб чиққан ва у бугунги кунда мамлакатнинг энг муҳим рақамли платформаларидан бири ҳисобланади.

WeChat’да қуйидагилар бор:

  • чатлар ва қўнғироқлар
  • «Лаҳзалар» шахсий лентаси
  • WeChat Pay орқали тўловлар
  • такси, етказиб бериш хизмати, чипта сотиб олиш, шифокор қабулига ёзилиш, университетлар хизматлари бошқалар учун мини-иловалар.

Барча асосий функциялар илованинг ўзида ишлайди. Аксарият дўконлар,кафе, университетлар ва сервислар айнан WeChat’ни алоқа ва тўлов воситаси сифатида қабул қилади.

Хорижликлар учун ҳам у маҳаллий фойдаланувчиларга нисбатан кам аҳамиятга эга эмас: WeChat’сиз Хитойда яшаш қийин бўлади.

WeChat’да рўйхатдан қандай ўтилади

WeChat’да рўйхатдан ўтиш иловани App Store ёки Google Play орқали ўрнатишдан бошланади. Иловани ишга туширгандан сўнг рўйхатдан ўтиш саҳифасини очиш, мамлакатни танлаш ва телефон рақамини киритиш керак. Унга SMS-код юборилади ва шу код орқали рақам сизга тегишли экани тасдиқланади. Сўнг илова профил исми ва суратини кўрсатишни таклиф қилади — суратни кейинроқ қўйса ҳам бўлади.

Маълумотлар киритилганидан кейин мажбурий текширув пайдо бўлади: WeChat сиз робот эмаслигингизни тасдиқлашингизни сўрайди. Бу пазл, ўхшаш расмларни танлаш ёки бошқа оддий тест бўлиши мумкин. Айрим фойдаланувчиларда рўйхатдан ўтиш шу босқичда якунланади ва аккаунт илованинг илк ишга тушиш жараёнига ўтади.

Рўйхатдан ўтиш жараёни 

Бироқ Хитойдан ташқарида рўйхатдан ўтганда, илова кўпинча қўшимча ҳимояни ишга туширади: WeChat «дўст орқали тасдиқлаш»ни сўраши мумкин. У ҳолда QR-код пайдо бўлади, уни фаол WeChat аккаунти бор шахсга юбориш керак. У махсус менюда сизнинг рўйхатдан ўтишингизни тасдиқлайди, шундан сўнг профил фаоллаштирилади.

Барча текширувлардан ўтгандан сўнг аккаунт тўлиқ очилади: чатлар, «Лаҳзалар» ва мини-иловалардан фойдаланиш мумкин бўлади. WeChat Pay тўлов тизими алоҳида уланади, уни фаоллаштириш рўйхатдан ўтиш жараёнига кирмайди ва бошқа амалларни бажариш талаб қилинади.

WeChat’даги асосий функциялар

WeChat’да чатлар бор: оддий хабарлар, овозли хабарлар, видеоқўнғироқлар ва гуруҳли ёзишмалар.

асосий функциялар

«Лаҳзалар» лентасига суратлар ва қисқа ёзувлар жойланади, уларни фақат рўйхатингиздаги контактлар кўриши мумкин. Илова ичида мини-сервислар бўлими бўлиб, уларнинг барчаси WeChat ичида ишга тушади, алоҳида иловаларнинг кераги йўқ, тўловлар учун WeChat Pay’дан фойдаланилади.

WeChat Pay’ни қандай улаш мумкин

WeChat Pay тўловлар менюси орқали уланади. Wallet бўлимини очиш, «Карта қўшиш»ни танлаш, маълумотларни киритиш ва банкдан келган SMS-код орқали операцияни тасдиқлаш керак. Муваффақиятли текширувдан сўнг карта ҳамёнда пайдо бўлади ва QR-код бўйича ҳамда иловадаги мини-сервисларда тўловларни амалга ошириш мумкин бўлади.

картани WeChat Pay’га боғлаш

WeChat’даги мини-иловалар

WeChat’да ўрнатилган мини-сервислар бор. Улар оддий илова каби, лекин WeChat ичида ишлайди. Аксария кундалик амалиётлар айнан улар орқали бажарилади.

Мини-иловалар орқали такси чақириш, таом буюртма қилиш, чипта сотиб олиш, метро харитасини кўриш, коммунал хизматларга тўлов қилиш, велосипед ижарага олиш, шифокор қабулига ёзилиш ёки дарс жадвалини кўриш мумкин. Университетлар, дўконлар, банклар, транспорт компаниялари ва давлат ташкилотлари ўз сервисларини мини-илова шаклида ишга туширади, шу боис барча хизматлар битта жойда мавжуд.

ўрнатилган мини-иловалар

Чет элликлар учун бу Хитой сервисларидан фойдаланишнинг энг қулай усули ҳисобланади. Уларнинг кўпчилиги инглиз тилидаги сайтга эга эмас ва фақат WeChat ичида ишлайди.

WeChat «Тўловлар ва хизматлар» бўлимида энг кўп фойдаланиладиган мини-иловалар рўйхатини кўрсатади. У ҳудудга қараб ўзгариши мумкин, лекин одатда бир неча тоифаларни ўз ичига олади.

Кундалик сервисларда мобил алоқа учун тўлов, коммунал тўловлар, тиббий карта, Tencent хайриялари ва ўйин ичидаги харидлар жойлашган.

Транспорт бўлимида: поезд ва самолёт чипталари сотиб олиш, DiDi орқали такси чақириш, туристик сервислар ва меҳмонхона қидириш мумкин.

такси чақириш, саломатлик ва Brand Mall иловалари

Харидлар блоки: онлайн-дўконлар, жамоавий харидлар, тадбирларга чипталар, арзонлаштирилган савдо ва илгари ишлатилган буюмлар маркетплейслари.

Мини-иловаларни юклаб олишга ҳожат йўқ. Улар дарҳол очилади ва амаллар тарихида сақланиб қолади, кўп фойдаланилганлари юқорида туради.

Кўп учрайдиган муаммолар ва уларнинг ечимлари

SMS-код келмаяпти. Баъзан хабарлар оператор ёки WeChat ҳимоя тизими томонидан блокланиши мумкин. Рақамнинг халқаро форматда тўғри ёзилганини текширинг, телефонни ўчириб-ёқинг ёки VPN’ни вақтинча ўчиринг. Кўпинча 10-15 дақиқадан кейин кодни қайтадан сўраш ёрдам беради.

Дўст орқали тасдиқлаш” сўраляпти. Бу хорижда туриб рўйхатдан ўтишда учрайдиган оддий ҳимоя. WeChat аккаунти бор танишингизга ўз QR-кодингизни юборишингиз керак. Агар ундай танишингиз бўлмаса, тематик чатларда ёрдам сўраш мумкин.

Картани WeChat Pay’га боғлаб бўлмаяпти. Кўпинча муаммони илова эмас, банк келтириб чиқаради: халқаро операциялар чекланган, антифрод-фильтрлар ёқилган ёки картадан Хитой ҳудудида фойдаланиб бўлмайди. Бошқа картани боғлашга уриниб кўринг, мобил банкда онлайн тўловни ёқинг ёки банкингизнинг қўллаб-қувватлаш хизматига мурожаат қилинг.

Айрим мини-иловалар очилмаяпти. Айрим сервислар фақат Хитой карталари, мобил операторлари рақамлари ёки маҳаллий рўйхат билан ишлайди. Бу телефоннинг хатоси эмас, балки тизим томонидан киритилган чеклов. Такси чақириш, етказиб бериш, чипта сотиб олиш, метро каби кўплаб хизматлар хорижликлар учун ҳам очиқ.

Тайёрлаган:  Дилшодбек Асқаров

Мавзуга оид