Иқтисодиёт | 20:07 / 27.11.2025
13761
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг 2026 йил учун давлат бюджети лойиҳаси эълон қилинди. Асосий маълумотлар

2026 йилда ялпи ички маҳсулот 1 квадриллион 976 триллион сўмдан ошиши кутиляпти. Бюджет тақчиллигининг чегараси – 59,9 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 3 фоиз. Ташқи қарз олишнинг чекланган миқдори – 5 млрд доллар. Инфляцияни кейинги йилда 7 фоизгача, 2027 йилда 5-6 фоизгача, 2028 йилда 5 фоизгача тушириш режалаштирилган. Асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолади.

Фото: Alamy

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йилги давлат бюджети ва 2026−2028 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини эълон қилди. Хўш, кейинги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётида нималар кутиляпти?

Асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар

2026 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 515,3 трлн сўмни, харажатлари эса 566,9 трлн сўмни ташкил этиши кутиляпти. Бунда бюджет даромадлари 368,9 трлн сўм, харажатлари эса 328,8 трлн сўм (бюджетлараро трансфертларни ҳисобга олмаган ҳолда) миқдорида бўлиши прогноз қилинган. Тақчиллик чегараси – 59,9 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 3 фоиз. Дефицитни ташқи ва ички қарз, давлат активларини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар ва бошқа манбалар ҳисобидан қоплаш режалаштирилган.

Консолидацияланган бюджет тақчиллиги 2027 ва 2028 йилларда ҳам ЯИМга нисбатан 3 фоизни ташкил қилиши кўзда тутиляпти.

2026 йилда ялпи ички маҳсулот 1 квадриллион 976 триллион сўмдан ошиши кутиляпти. ЯИМ ўсиши 2026 йилда 6,6 фоиз, 2027 йилда 6,8 фоиз, 2028 йилда 6,9 фоиз бўлиши прогноз қилинган.

Инфляцияни кейинги йилда 7 фоизгача, 2027 йилда 5-6 фоизгача, 2028 йилда 5 фоизгача тушириш режалаштирилган.   

Ташқи қарз

Жорий йилда ташқи қарз олиш чегараси 5,5 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 5 млрд долларгача қисқартирилади. Ушбу маблағнинг 2,5 млрд доллари давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 2,5 млрд доллари эса инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади. Кейинги йилда Ўзбекистон номидан 30 трлн сўмлик давлат қимматли қоғозлари чиқарилиши ҳам кўзда тутиляпти. Давлат қарзини сўндириш учун эса 49,2 трлн сўм сарфланади. Янги ДХШ лойиҳаларининг чекланган миқдори – 6,5 млрд доллар. 

Энергетика секторини субсидиялаш давом этади

2026 йилда давлат бюджети ҳисобидан ажратилиши белгиланган субсидияларнинг умумий қиймати 28,3 трлн сўмни (2025 йилда 30,4 трлн сўмни) ташкил этади. Бу – бюджет харажатларининг 7 фоизи дегани. 

Айрим соҳаларга давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия миқдори қуйидагича:

  • газ сотиб олиш ва сотишдаги тафовутни қоплаш учун 5,9 трлн сўм (7 трлн сўм);
  • нодавлат боғчаларга 4,6 трлн сўм (2025 йилда 3,8 трлн сўм);
  • иссиқлик таъминотида тарифларни паст нархларда ушлаб туриш учун 3,8 трлн сўм (4,8 трлн сўм);
  • аҳоли уй-жой сотиб олиши учун 2,7 трлн сўм (2,5 трлн сўм);
  • қишлоқ хўжалиги учун 2 трлн сўм (4,5 трлн сўм);
  • автобусларга брутто-шартнома учун 1,9 трлн cўм (ўтган йили 1,6 трлн сўм);
  • геология-қидирув учун 750 млрд сўм (820 млрд сўм);
  • энергия самарадорлигини рағбатлантириш учун 700 млрд сўм (100 млрд сўм);
  • темирйўл учун 700 млрд сўм (721 млрд сўм);

Ҳам газ учун, ҳам электр энергияси учун нархлар оширилиб борилаётганига қарамай, кейинги йилдан ҳам энергетика секторини субсидиялаш давом этади. Хусусан, умумий субсидияларнинг ярми айнан энергетика ва транспорт соҳасига йўналтирилади.

Солиқ сиёсати

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишларини ҳам тақдим қилди. Унга кўра асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолади.

  • фойда солиғи — 15 фоиз;
  • қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) — 12 фоиз;
  • жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи — 12 фоиз;
  • ижтимоий солиқ — 12 фоиз (бюджет ташкилотлари учун — 25 фоиз);
  • айланмадан олинадиган солиқ — 4 фоиз;
  • юридик шахслар мол-мулк солиғи — 1,5 фоиз.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ер солиғи ставкаси ернинг меъёрий қийматининг 0,95 фоизи миқдорида сақланиб қолинади.

Таркибида шакар миқдори мавжуд ичимликлар учун 100 млга прогрессив шкала қуйидагича жорий этилади:

  • 5 граммгача — литри учун 500 сўм (амалдаги ставка);
  • 5 граммдан 10 граммгача — литри учун 515 сўм;
  • 10 граммдан ортиқ — литри 535 сўм.

Таркибида шакардан бошқа ширинлаштирувчи моддалар бўлган ичимликлар учун тариф ҳар литр учун 500 сўм бўлади. Энергетик ичимликларнинг литри учун 2150 сўм (ҳозирда 2000 сўм) миқдорида солиқ ундирилади.

Шу билан бирга, умумий овқатланиш корхоналари ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тайёрланиб, истеъмолчиларга сотиладиган ичимликлар акциз солиғига тортилмаслиги бўйича аниқлаштирувчи меъёрлар киритилади. Агар истеъмол ўрамида товарларнинг шакар миқдори тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган бўлса, энг юқори солиқ ставкаси қўлланиши кўзда тутилган.

2026 йил 1 апрелдан нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларни якуний истеъмолчиларга сотиш учун акциз солиғи ставкасини 7 фоизга ошириш, полиэтилен гранулалар (10 фоиз) ва табиий газ (12 фоиз) учун амалдаги ставкаларни сақлаб қолиш таклиф қилиняпти.

2026 йил 1 январдан бошлаб ер, мулк, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари, шунингдек, ер қаъридан фойдаланганлик учун ставкалар ҳамда мулкни ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахслар учун солиқ солиш мақсадида қўлланадиган энг кам ижара тўловлари ставкаларини 7 фоизга ошириш кутиляпти.

Мавзуга оид