Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Вашингтон Минскдан 100 дан ортиқ сиёсий маҳбусни қўйиб юборишни талаб қилмоқда
АҚШ маъмурияти Лукашенко билан келишув доирасида камида яна 100 нафар беларуслик сиёсий маҳбус озод этилишига эришмоқчи, деб хабар берди Reuters. Беларуснинг қўшниларига қарши “гибрид уруши” бу жараёнга тўсқинлик қилиши мумкин.
Фото: РИА Новости
АҚШ маъмурияти ва Александр Лукашенко режими янги келишув бўйича музокаралар олиб бормоқда, унга мувофиқ Беларус ҳокимияти камида яна 100 нафар сиёсий маҳбусни озод қилади. Бу ҳақда чоршанба, 26 ноябр куни Reuters агентлиги уч хабардор манбага таяниб хабар берди. Қайси маҳбуслар аниқ озод этилиши ва бу қачон амалга оширилиши ҳақида суҳбатдошлар аниқ маълумот бермаган.
Оқ уй бу маълумотни изоҳлашдан бош тортди, Вашингтондаги Беларус элчихонаси эса Reuters’нинг изоҳ тақдим этиш сўровига жавоб бермади. Манбаларга кўра, Доналд Трамп маъмуриятининг Беларус билан келишуви АҚШнинг Минскни Москва геосиёсий таъсир доирасидан қисман чиқаришга қаратилган узоқ муддатли стратегияси бир қисмига айланиши керак.
2025 йил сентябрида АҚШ ва Беларус ўртасидаги музокаралар натижасида Александр Лукашенко 52 нафар маҳбусни афв этган, шундан сўнг улар Литвага олиб чиқиб кетилган эди. Ундан аввал, 2025 йил июнида, АҚШ делегациясининг Минскка ташрифидан сўнг Сергей Тихановский ва яна 13 нафар сиёсий маҳбус озод қилинган. 22 ноябр куни эса Лукашенко Трамп билан келишув доирасида 31 нафар Украина фуқаросини афв этгани маълум бўлди.
Ҳозирги вақтда, “Вясна” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази маълумотларига кўра, Беларус қамоқхоналарида камида 1246 нафар сиёсий мотивлар асосида ҳукм қилинган шахслар сақланмоқда. Улар орасида Беларус президенти лавозимига собиқ номзодлар ва Нобел мукофоти лауреатлари ҳам бор.
Литва ташқи ишлар вазири Кястутис Будрис Беларусдан Литвага контрабанда юклар бўлган метеоролoгик шарларнинг доимий равишда учирилиши Минск ва Вашингтон ўртасидаги музокараларга тўғридан тўғри халал бериши мумкинлигини маълум қилди. “Бу (беларус–америка музокараларига – таҳр.) бевосита ва жиддий таъсир кўрсатаётганини тасдиқлай оламан, – деди Будрис LRT телеканалига. – Беларус режими НАТО иттифоқчисига қарши гибрид ҳужумлар уюштираётгани жуда катта аҳамиятга эга”.
Литва 20 ноябрдан бошлаб Беларус билан чегарадаги иккита ўтказиш пунктини қайтадан очди, улар аввал, Вилнюс аэропорти ишига халал берган контрабанда шарлари сабаб бир ойга ёпилган эди. Шунга қарамай, шарлар учиб келишда давом этмоқда, Минскдаги ҳокимият эса Литванинг юзлаб юк машиналарини ҳануз Беларус ҳудудидан чиқармасдан ушлаб турибди.
Литва ТИВ раҳбари фикрича, Лукашенко бу воситалар орқали ЕИни музокаралар олиб боришга мажбур қилмоқчи, шунингдек, эҳтимол, Беларусга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилишга эришишни ҳам кўзламоқда. “Бу масалалар АҚШ билан музокараларда ҳам кўтарилганини кўрдик”, – деди Кястутис Будрис.