Жаҳон | 21:21 / 28.11.2025
4802
3 дақиқада ўқилади

Трамп Қрим ва Донбассни Россиянинг бир қисми сифатида тан олмоқчи – ОАВ

Босиб олинган ҳудудларни Россияга тегишли деб тан олиш Оқ уй стратегиясининг бир қисми бўлиб қолиши таъкидланмоқда.

Фото: Andrew Caballero-Reynolds

Трамп маъмурияти Кремлни урушни тўхтатиш тўғрисидаги битимни имзолашга кўндириш учун Қрим ва Украинанинг бошқа босиб олинган ҳудудларини Россиянинг бир қисми сифатида тан олишга тайёр. Трамп ўзининг махсус вакили Стив Уиткофф ва куёви Жаред Кушнерни айнан шундай таклиф билан Москвага жўнатмоқда, деб ёзди The Telegraph.

«Америкаликларга Европанинг позицияси бефарқ экани тобора аниқ бўлиб бормоқда. Уларнинг айтишича, европаликлар хоҳлаган ишини қилиши мумкин», деди нашрга анонимликни сақлаб қолишни истаган хабардор суҳбатдош.

Нашрнинг қайд этишича, бир кун аввал Владимир Путин ҳам оммавий баёнотида Вашингтон Қрим, Донецк ва Луганск вилоятларини Россия ҳудуди сифатида қонуний тан олиши тинчлик музокараларидаги асосий масалалардан бири бўлишини айтган.

Шунингдек, нашр эслатишича, Уиткофф Россия расмийлари билан муҳокамалардан сўнг тузган 28 банддан иборат тинчлик режасининг дастлабки версиясида Америка Қрим ва Донбасснинг икки минтақаси устидан Россия суверенитетини «амалда» тан олиши ҳақидаги банд бор эди. Гарчи Женевада Украина ва АҚШ расмийлари ўртасидаги музокараларда бу ҳужжатга тузатиш киритилган бўлса-да, босиб олинган ҳудудларни Россияга тегишли деб тан олиш Оқ уй стратегиясининг бир қисми бўлиб қолиши тахмин қилинмоқда.

Шу билан бирга, нашрнинг қайд этишича, Киевни Россиянинг босиб олинган ҳудудлар устидан назоратини тан олишга мажбур қилишмайди.

Ўтган ҳафта тармоқда Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф томонидан Путиннинг элчиси Кирилл Дмитриев билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган 28 банддан иборат тинчлик режаси пайдо бўлди. Унинг 21-бандида шундай қоида бор эди: «Босиб олинган Қрим, Луганск ва Донецк вилоятлари давлатлар томонидан, шу жумладан АҚШ томонидан Россияники тан олинади».

Кеча Европа парламенти резолюция қабул қилди, унда Европа Иттифоқи давлатлари Украинанинг босиб олинган ҳудудларини ҳеч қачон Россиянинг бир қисми сифатида тан олмаслиги ҳақида огоҳлантирди. Резолюцияда, шунингдек, Трампнинг «тинчлик режаси» тинчликнинг яқинлашишига фақат халақит бераётгани қайд этилган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид