Жаҳон | 22:30 / 29.11.2025
3509
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага Tomahawk ракеталари ўрнига божлардан озод этишни таклиф қилди

10 йилга бождан озод қилиш мумкин бўлса, бир даста ракетанинг нима кераги бор?, деди АҚШ президенти махсус вакили Стив Уиткофф украиналикларга.

Фото: VINCENT YU/AFP/Getty Images

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Вашингтонга ташрифидан бир кун олдин, у ерда Доналд Трампдан Tomahawk ракеталарини сўраганида, Трамп Владимир Путинга қўнғироқ қилган, шундан сўнг Зеленскийга рад жавобини берган.

Трамп ва Путин суҳбатидан сўнг, АҚШ махсус вакили Стивен Уиткофф бошқа таклиф билан чиқди.

«10 йилга бождан озод қилиш мумкин бўлса, бир даста ракетанинг нима кераги бор? Бу иқтисодий туртки беради», деб ишонтирган Уиткофф Украина расмийларини. Бу ҳақда The Wall Street Journal ёзди.

WSJ нашрига изоҳ берар экан, Уиткофф суҳбат мазмунини тасдиқламади ёки инкор этмади. У фақат ўзининг вазифаси битимлар тузиш эканини таъкидлади. «Биз имкониятларни излашда ва ғояларни илгари суришда давом этамиз», деди у.

Tomahawk - Американинг узоқ масофали қанотли ракетаси бўлиб, қуруқликдаги ва денгиздаги нишонларни юқори аниқликда йўқ қилиш учун мўлжалланган. Жанговар шароитда у юзлаб - минглаб километрларга зарба бера олади, бу эса уни асосий узоқ масофали зарба воситаларидан бирига айлантиради.

Украина Россия ҳудудидаги муҳим обектларга зарба бериш имкониятига эга бўлиш учун АҚШдан Tomahawk ракеталарини беришни бир неча бор сўраган.

АҚШ президенти Доналд Трамп Россия етакчиси билан музокаралардан сўнг, ҳозирги босқичда Tomahawk ракеталарини Украинага бериш ниятида эмаслигини айтди. Мутахассислар фикрига кўра, бундай ракеталар уруш майдонида жиддий эскалацияга олиб келиши мумкин.

Шунга қарамай, етказиб бериш имконияти ҳақидаги мунозаралар ва баёнотлар давом этмоқда - расмий қарор ҳали ҳам «муаллақ ҳолатда».

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид