Ўзбекистон | 14:14 / 02.12.2025
4555
3 дақиқада ўқилади

Жиззахда автосаноат учун кадрлар тайёрлайдиган муҳандислик мактаби иш бошлади

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах политехника институти қошида ташкил этилган Автомобилсозлик муҳандислик мактаби фаолияти билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бу ерда BYD Uzbekistan Factory ва ADM Jizzakh корхоналари билан малакали мутахассислар тайёрлаш ва уларни ишга жойлаштириш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Муҳандислик мактабида транспорт соҳасига ихтисослашган тўрт таълим йўналиши бўйича ўқув дастурлари янги ёндашув асосида ташкил этилган. Иккинчи курсни юқори кўрсаткичлар билан тамомлаган талабалар BYD заводи талаблари асосида ишлаб чиқилган замонавий ўқув платформаларида икки йиллик дуал таълим олади. Улар завод билан тўғридан тўғри ҳамкорликда амалий машғулотлар ўтаб боради ва бу орқали махсус ишга йўлланма сертификатига эга бўлиш имкониятига эга бўлади.

Қисқа муддатли тайёрлов курсларида автомобил заводига ишга киришни режалаштираётган номзодлар, завод ишчилари ва ишсиз ёшларга ўзлари қизиққан касблар ўргатилади. Бу ерда BYD автомобиль ишлаб чиқариш мини-конвейери ташкил этилган бўлиб, унда пайвандлаш, бўяш, йиғув ва сифат назорати бўлимлари мавжуд.

Электромобил ва зарядлаш станциялари тузилиши, электромобилларга хизмат кўрсатиш, саноат ва дастурлаш муҳандислиги, таннарх ва реверс муҳандислиги каби йўналишларга ихтисослашган махсус хоналар ҳам ташкил қилинган.

Дунё автомобил саноатидаги муҳим қоида – рақибни таҳлил қилмаган компания ривожлана олмайди. Жиззахдаги мазкур муҳандислик мактабида илк бор маҳсулотни техник-аналитик солиштириш, харажатларни моделлаштириш (cost modeling), ишлаб чиқаришни оптималлаштириш, жараёнларни глобал стандартлар билан таққослаш каби кўникмалар ҳам ўқитилмоқда.

Муҳандислик мактаби фақат талабалар учун эмас, балки соҳада фаолият юритиш истагидаги ёшлар ва мутахассислар учун ҳам очиқ таълим майдони сифатида ишлайди. Бу ерда малака ошириш дастурлари, бошланғич касбий тайёргарлик курслари ва тадбиркорлар учун амалий ўқув модуллари ташкил этилган. Уларда илғор мутахассислар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг тажрибали муҳандислари иштирок этади.

Мактабнинг асосий мақсади – талабани иш жойига боришидан олдин реал амалиёт муҳитига олиб киришдир. Натижада битирувчилар бозор талабларига жавоб берадиган, етук ва рақобатбардош мутахассисларга айланиши кутилмоқда.

Давлат раҳбари мактабдаги машғулотлар жараёнини кузатди, мини-конвейерда ишлаётган талабалар билан суҳбатлашди ва шу ерда республика ҳамда вилоят фаоллари билан мулоқот қилди.

Президент Жиззахда саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда эришилаётган натижаларни қайд этиб, ҳали ишга солинмаган катта имкониятлар борлигини таъкидлади:

– Жиззахга келиб, янги ўсиш нуқталарини белгилаб олишни мақсад қилганмиз. Асосийси, аҳоли, хусусан, ёшларга муносиб шароит яратиш, юқори даромадли иш билан таъминлаш, – деди давлат раҳбари.

Тақдимотлар якунида мутасаддиларга аниқ вазифа ва топшириқлар берилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид