Жаҳон | 09:44 / 03.12.2025
3484
3 дақиқада ўқилади

Оқ уй яқинидаги отишмада айбланаётган афғонистонлик айбини тан олмади

Оқ уй яқинида АҚШ Миллий гвардияси ҳарбийларига ўт очганликда гумонланаётган 29 ёшли афғонистонлик Раҳмонулло Л. судда ўзининг айбсиз эканини билдирди. У иш бўйича биринчи суд мажлисида шифохонадан видео-алоқа орқали иштирок этди.

Фото: Andrew Leyden/Getty Images

АҚШ Миллий гвардияси ҳарбийларига Оқ уй яқинида ўт очганликда гумонланаётган Афғонистон фуқароси сешанба куни, 2 декабрда суд олдида жавоб берди. Қўлга олиш чоғида яраланган Раҳмонулло Л. суд мажлисида шифохонадан видео-алоқа орқали иштирок этди, деб хабар бермоқда AP, Reuters ва AFP агентликлари.

Вашингтонда бўлиб ўтган қисқа эшитув пайтида афғонистонликнинг адвокати айбланувчи номидан унга қўйилган ҳужум ва биринчи даражадаги қасддан одам ўлдириш айбловлари бўйича айбни тан олмаслик тўғрисида баёнот билан чиқди. Ҳимоячи ўз ҳимоясида, мижозининг аввал судланмагани (судланганлик маълумотларининг йўқлиги)ни таъкидлаб, уни ҳибсдан озод қилишни сўради.

26 ноябр куни кундузи Вашингтонда эркак киши Оқ уйдан унчалик узоқ бўлмаган Фаррагут майдонида навбатчилик қилаётган ҳарбийларга тўсатдан ўқ узди. Натижада АҚШ Миллий гвардиясининг 20 ёшли ҳарбий хизматчиси Сара Бекстрам оғир яраланди ва кейинчалик шифохонада вафот этди. Яна бир миллий гвардиячи, 24 ёшли Эндрю Вулфнинг ҳаёти учун шифокорлар курашмоқда.

Гумонланувчи — Раҳмонулло Л. қўлга олиш пайтида яраланган. Хабар қилинишича, у АҚШга 2021 йилда Афғонистондан кириб келган. Ватанида у Америка махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилган, шу боис “Толибон” ҳаракати Кобулда ҳокимиятни қўлга киритганидан кейин АҚШга кўчиб ўтиш ҳуқуқини қўлга киритган. CNN телеканали маълумотларига кўра, гумонланувчи 2024 йилда АҚШда бошпана сўраб ариза топширган ва 2025 йил бошида уни олган.

Оқ уй раҳбари Доналд Трамп миллий гвардиячиларга қилинган ҳужумни “даҳшатли” деб атади ва ўзидан олдинги президент Жо Байден даврида Афғонистондан АҚШга кириб келган барча хорижий фуқаролар қайта текширилишини билдирди. Шунингдек, у “бу ерда бўлиши керак бўлмаган ҳар қандай хорижий шахсни депортация қилиш учун зарур бўлган барча чоралар кўрилишини” айтди. ОАВ қайд этишича, Раҳмонулло Л.нинг бошпана тўғрисидаги аризаси айнан Трампнинг иккинчи инаугурациясидан сўнг қаноатлантирилган.

Оқ уй яқинидаги отишмага жавоб чораси сифатида АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати (USCIS) бошпана бериш тўғрисидаги барча аризалар кўриб чиқилишини вақтинча тўхтатиб қўйди. USCIS раҳбари Жозеф Эдлоу 29 ноябр куни маълум қилишича, чекловлар “ҳар бир хорижий шахсни имкон қадар чуқур текшириш имкони таъминлангунига қадар” амал қилади.

АҚШ Давлат департаменти алоҳида тарзда Афғонистон фуқароларига виза беришни ҳам тўхтатиб туришини эълон қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид