Жаҳон | 15:03 / 04.12.2025
1606
8 дақиқада ўқилади

Рафаҳ ўтиш пунктини очмоқчи бўлган Исроил, Хитойга келган Макрон ва йўқолган самолёт қидирувини бошлаган Малайзия – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

АҚШ — Россия музокаралари

АҚШ президенти Доналд Трамп Кремлдаги учрашувдан сўнг «Украина бўйича тинчлик музокаралари истиқболи ҳозирча ноаниқ» эканини айтди.

Трамп – вакиллари Уиткофф ва Кушнер унга учрашув тафсилотларини етказганини айтди. АҚШ вакилларининг Путиндан олган таассуротлари «у келишувга эришишни хоҳлайди». Аммо бундан кейин нима бўлиши ҳозирча номаълум, деди Трамп.

«Бу учрашувдан нима чиқишини сизга айтолмайман, чунки танго рақсини икки киши ўйнайди», деди Трамп изоҳ бермасдан. У яна «Бизда (Украина бўйича) анчагина кўп ишлаб чиқилган нарсалар бор», дея қўшимча қилди.

Оқ уй расмийларига кўра, энди Уиткофф ва Кушнер Маямида украиналиклар билан учрашади. Украина президенти Володимир Зеленский ҳам жамоаси АҚШдаги учрашувлар учун тайёргарлик кўраётганини ва Трамп вакиллари билан мулоқот давом этишини билдирди.

«Фақатгина Украина манфаатлари инобатга олингандагина муносиб тинчлик мумкин», деди у.

Расмий Кремл чоршанба куни АҚШнинг айрим таклифларини қабул қилгани ва муроса йўлини излашга тайёр эканини айтганди. Шунга қарамай Кремлдаги музокаралар аниқ бир тўхтамсиз якунланган.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков буни нормал ишчи жараён деб атади.

«Кеча биринчи марта бевосита фикр алмашинуви юз берди. Баъзи нарсалар қабул қилинди, баъзилари қабул қилиб бўлмайдиган деб белгиланди. Бу – муроса топишнинг нормал ишчи жараёни», деди Песков.

Бундан ташқари, у Трампнинг саъй-ҳаракатларидан Россия миннатдор эканини, аммо АҚШ томони музокаралар юзасидан ҳар қадамни изоҳлаб бориши мақсадга мувофиқ эмаслигини айтди.

«Бу уруш жинояти бўлиши мумкин» — Гутерриш Ғазодаги ҳолат ҳақида

3 декабр куни Reuters нашрига интервю берган БМТ бош котиби Антониу Гутерриш халқаро майдонда содир бўлаётган кўплаб воқеаларга тўхталиб ўтди. Хусусан, у Исроилнинг Ғазо секторида ўтказган ҳарбий операцияси «асосий жиҳатдан нотўғри» бўлгани айтди.

«Менимча, бу операция олиб борилишида нимадир тубдан нотўғри бўлган — тинч аҳолининг ўлими ва Ғазонинг вайрон қилинишига тўлиқ бепарволик билан муносабатда бўлинган», деди Гутерриш.

«Операциянинг мақсади Ҳамасни йўқ қилиш эди. Ғазо вайрон бўлган, аммо Ҳамас ҳали йўқ қилинмаган. Демак, бу жараён қандай олиб борилгани борасида тубдан нотўғри нарса бор», деди у.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, Исроилнинг икки йиллик геноциди давомида Ғазода 70 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Уруш жиноятлари содир этилганми деган саволга Гутерриш: «Бу эҳтимол ҳақиқат бўлиши мумкинлигига жуда кучли асослар бор», деб жавоб берди.

Бунга жавобан Исроилнинг БМТдаги элчиси Денни Данон «7 октябр воқеаларидан кейин БМТ бош котибини ҳамон Исроилга ташриф буюрмаганликда айблади. «Ҳар бир имкониятда Исроил ва исроилликларни танқид қилиш учун ўз минбаридан фойдаланмоқда», деди Исроил вакили Гутерриш ҳақида.

Бироқ ўтган йилнинг октябрида ўша пайтдаги Исроил ташқи ишлар вазири (ҳозирги мудофаа вазири) Исроил Кац Гутерришни мамлакатга киритишни тақиқлаганини айтганди.

Ғазода 10 октябрдан буён заиф сулҳ амал қилмоқда, бироқ Исроил Ғазога зарбалар беришда давом этмоқда. ҲАМАС ва Исроил бир-бирини АҚШ воситачилигида тузилган келишувни бузганликда айбламоқда.

Макрон Хитойга келди

4 декабр куни Франция президенти Эммануэл Макрон Пекинда Хитой раҳбари Си Жинпинг билан учрашув ўтказди. Макроннинг дунёдаги иккинчи йирик иқтисодиётга ташрифи давомида унга йирик бизнес делегацияси ҳамроҳлик қилмоқда.

Хитой томони бу ташрифга катта эътибор қилаётган бўлса-да, Си Airbus самолётлари буюртмасини маъқуллаши кутилмаяпти. Чунки Хитойга кўра, 500 та Airbus самолётини харид қилиш бўйича мажбурият олиши унинг АҚШ ва Ғарбга нисбатан музокара кучини пасайтиради. Ташриф ҳали яна бир неча кун давом этади.

Хитой божхона маълумотларига кўра, Хитой Франциянинг еттинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланади ва йилига қарийб 35 миллиард долларлик француз маҳсулотларини харид қилади. Ўз навбатида, Франция Хитойдан йилига 45 миллиард долларлик товар сотиб олади.

Исроил Рафаҳ ўтиш пунктини очмоқчи

Исроил Ғазо ва Миср ўртасидаги муҳим Рафаҳ ўтиш пунктини яқин кунларда очишини эълон қилди. Бу секторга ёрдам кириши учун эмас, балки фаластинликларнинг ҳудуддан чиқишига қаратилган қадамдир.

Исроил ҳарбий маъмурияти — чиқишлар «Исроилнинг хавфсизлик розилигидан сўнг Миср билан мувофиқлаштирилган ҳолда ва Европа Иттифоқи миссияси назорати остида амалга оширилишини» билдирди.

Исроил хавфсизлик расмийсининг таъкидлашича, бу қарор ҲАМАС билан етти ҳафта аввал бошланган мавжуд сулҳ режимини қўллаб-қувватлаш рамзи ҳисобланади. Бироқ Миср Рафаҳни қайта очиш бўйича Исроил билан ҳамкорлик қилаётганини рад этди.

«Агар ўтиш пунктини очиш бўйича келишувга эришилса, бу икки томонда — Ғазога кириш ва чиқиш бўйича бўлади. Бу АҚШ президенти Доналд Трамп режаси асосида амалга оширилади», деди Миср давлат расмийси.

Трампнинг 20 банддан иборат Ғазо тинчлик режаси «Рафаҳни икки томонга очиш январ ойидаги сулҳ келишуви механизми билан бир хил бўлиши керак» деб белгилайди.

Рафаҳ 2024 йил май ойидан бери асосан ёпиқ. Ўша пайтда чегара пункти Исроил қўшинлари томонидан эгаллаб олинган эди. ЖССТ маълумотига кўра, ҳозирда Ғазода 16 500 дан ортиқ оғир касал ёки тан жароҳати олган одамлар бор ва улар ҳаётни сақлаб қолиш учун зарур даволанишни хорижда олиш мақсадида эвакуацияни кутмоқда.

Малайзия йўқолган самолёт қидирувини қайта бошлади

Куала-Лумпурдан Пекинга MH370 рейсини амалга оширган Malaysia Airlines авиакомпаниясининг самолёти қолдиқларини қидириш ишлари 30 декабрда — у ғойиб бўлганидан 11 йил вақт ўтиб қайта бошланади.

Малайзия ҳукумати маълум қилишича, қидирув операцияси 55 кун давом этади. Қидирув айнан қаерда ўтказилиши маълум қилинмаган.

«Сўнгги воқеалар Малайзиянинг ушбу фожиадан жабр кўрган оилаларни қўллаб-қувватлашга интилишини таъкидлайди», деб маълум қилди мамлакат транспорт вазирлиги.

Қидирув ишларини Ocean Infinity компанияси олиб боради. Шартнома шартларига кўра, агар лайнер бўлаклари топилмаса, компания ҳеч қандай пул мукофоти олмайди. Агар унинг қолдиқлари топилса, Ocean Infinity 70 млн доллар олади.

MH370 рейсини амалга ошираётган Boeing 777 самолёти 2014 йил 8 мартда ғойиб бўлганди. Бортида 227 йўловчи ва 12 нафар экипаж аъзоси бўлган лайнернинг сирли ғойиб бўлишидан сўнг авиация тарихидаги энг катта ва қиммат қидирув ишлари олиб борилди.

2014 йилда бошланган қидирув ишларида кўплаб давлатлар: 26 мамлакатдан 60 га яқин кема ва 50 та самолёт жалб қилинган. 2015 йил июл ойида Ҳинд океанидаги Реюнион ороли қирғоғида самолётга тегишли деб тахмин қилинаётган бир нечта катта бўлак топилди. Қидирув ишлари фақат 2017 йил январ ойида якунланди. Лекин у ҳам, 6 ойдан кейинги такрорий қидирув ишлари ҳам самарасиз якунланган.

Лайнернинг ғойиб бўлиши – учувчи самолёт ҳалокатини атайлаб уюштирган бўлиши мумкинлиги ёки лайнер жиноятчилар томонидан ҳавода эгаллаб олингани ҳақидаги тахминларни келтириб чиқарган. Лекин буларнинг ҳеч бири тасдиқланмаган.

Мавзуга оид