Ўзбекистон | 13:11 / 05.12.2025
986
2 дақиқада ўқилади

“Ангрен Энерго” ва O‘zhydropower йирик миллий энергия компанияларига айланади

Президент Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасидаги янги объектлар ва лойиҳаларни ишга тушириш маросимидаги нутқида соҳа ривожида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ўрни тобора ортиб бораётганини таъкидлар экан, “Ангрен Энерго” ва O‘zhydropower корхоналарини келажакда халқаро стандартларга жавоб берадиган йирик миллий энергия компанияларига айланишига ишонч билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, бугунги кунда хусусий сектор, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларида жами 2 минг мегаватт қувватга эга кичик қуёш панеллари ўрнатилган. Фақат шу йилнинг ўзида ушбу қувватлар ҳисобига қарийб 2 миллиард киловатт-соат қўшимча муқобил энергия ишлаб чиқарилган. Шу билан бирга, ҳудудларда 69 минг километр электр тармоқлари, 14 мингта трансформатор ва юқори кучланишли подстанциялар янгиланган.

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, бу ўзгаришлар нафақат энергия таъминотини яхшиламоқда, балки маҳаллий корхоналар ривожига ҳам катта туртки бермоқда. Янги қурилаётган электр станциялари ва тармоқларини барпо этишда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаол иштирок этмоқда: йил бошидан буён улар томонидан 700 миллион долларлик қурилиш материаллари, металл конструкциялар, кабел ўтказгичлар, электр қурилмалари етказиб берилган, лойиҳалаш-инжиниринг ва қурилиш хизматлари кўрсатилган.

Мисол сифатида, Норин каскад ГЭСнинг 38 мегаваттли илк гидроэлектр станцияси тўлиқ маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланган ҳолда ишга туширилгани қайд этилди.

– Шу маънода, бугун ишга туширилаётган ва йилига 15 мингта трансформатор ишлаб чиқарадиган “Ангрен Энерго” ҳамда 155 та гидроагрегат тайёрлаб берадиган O‘zhydropower корхоналари катта истиқболга эга, десак тўғри бўлади, – деди президент.

Давлат раҳбарига кўра, ушбу корхоналарнинг қуввати ошиб бориши, ички бозорни сифатли ускуналар билан таъминлаш баробарида, келгусида минтақавий ва халқаро лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этишга хизмат қилади. Бу эса Ўзбекистоннинг энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва саноатни маҳаллий маҳсулотлар асосида ривожлантиришга қаратилган устувор йўналишлардан бири сифатида қайд этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид