Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Иқтисод инновацияга қарши: АҚШдаги энг йирик қуёш иссиқлик лойиҳаси нега ёпиляпти?
Айвонпа қуёш-термодинамик электр станцияси Мохаве чўлида, бир вақтлар АҚШнинг тоза энергияга ўтиш рамзи ҳисобланган иншоот, атиги ўн йилча ишлаганидан сўнг ёпилишга ҳозирланмоқда. Қиймати 2,2 миллиард доллар бўлган, 140 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлашга мўлжалланган мазкур лойиҳа технологиялар ва иқтисод қандай тез ўзгараётганини кўрсатиб берди.
Фото: Wikimedia Commons
Айвонпа 2009 йилги инқироздан кейин тоза энергетикага йўналтирилган инвестициялар тўлқини заминида вужудга келган. BrightSource Energy, NRG Energy ва Google 392 мегаватт қувватга эга қуёш иссиқлик станциясини қуришни режалаштирган бўлиб, у 300 мингдан ортиқ гелиостат-ойналари ва учта қабул қилувчи минорадан фойдаланиши керак эди. Қоғозда бу технология жуда умидли кўринган: масштабни кенгайтириш мумкин, барқарор ва атмосферага нол даражада ташлама чиқаради.
Бироқ станция қурилаётган пайтда одатий фотоэлектрик панеллар нархи деярли 80 фоизга қулади, сланец инқилоби туфайли газ тарихдаги энг арзон кўрсаткичлардан бирини кўрсатди. 2014 йилда станция ишга тушган пайтга келиб, Айвонпа оддий қуёш фермаларига нисбатан жуда қиммат ва мураккаб бўлиб қолди.
Вазиятни янада оғирлаштирган омиллар қаторига электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича режалар бажарилмагани, юз минглаб ойналари бўлган майдонга хизмат кўрсатиш харажатлари юқорилиги ва газ орқали қўшимча қувватга кучли боғлиқлик кирди.
Давлат субсидиялари туфайли лойиҳа сиёсий баҳсга айланди: баъзилар уни келажакка қадам деб баҳолаган бўлса, бошқалар “қимматга тушган яшиллар хатоси” деб атади. Экологлар ҳам бир қатор даъволар қўйди: чўл тошбақаси популяциясига таҳдид ва бир жойга йиғилган қуёш нурлари сабабли қушларнинг ҳалок бўлиши шулар жумласидандир.
Лойиҳанинг ёпилиши асосан уч омилга бориб тақалади: қиймат, рақобат ва муддати тугаётган шартномалар.
Айвонпада ишлаб чиқарилаётган электр энергияси фотоэлектрик станциялар ва газ электр станцияларидаги токдан қимматроқ, узоқ муддатли энергия харид шартномалари эса якунига етяпти. Калифорния аккумуляторлар билан уйғунлаштирилган қуёш панелларига асосий урғуни бермоқда, бу эса бундан турдаги иншоотларни бозордан сиқиб чиқармоқда.
Лойиҳа кутилган натижаларни тўлиқ бермади, аммо қимматли муҳандислик тажрибасини ҳадя этди: улкан гелиостат майдонларини бошқариш, экстремал шароитларда иссиқлик тизимларини ишлатиш каби соҳаларда йиғилган билимлар ҳозирги замонавий лойиҳаларда фаол қўлланмоқда.
Мавзуга оид
14:06
ОАВ: АҚШ ишчилар синфи орасида Трамп рейтинги рекорд даражада тушиб кетди
10:25
Москва: Киев АҚШ режаси бўйича музокараларни тўсяпти
08:25
Вашингтон Киевга 15 йиллик хавфсизлик кафолатларини таклиф қилмоқда
21:21 / 26.12.2025