Жаҳон | 09:02
411
4 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Украина: тинчликка эришиш тўғридан тўғри Россияга боғлиқ

Икки кунлик музокаралардан сўнг томонлар навбатдаги раундни Майамида ўтказади, деб маълум қилди Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров. Урушнинг якунланиши эса Россияга боғлиқ, деб таъкидлади АҚШ махсус вакили Стивен Уиткофф.

Фото: REUTERS

АҚШ ва Украина делегациялари сўнгги икки кун ичида иккинчи, сўнгги икки ҳафтада эса олтинчи марта учрашув ўтказди. Бу ҳақда Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров жума, 5 декабр куни кечқурун ижтимоий тармоқларда хабар берди. Унинг сўзларига кўра, музокараларда АҚШ делегациясининг яқинда Россия Федерациясига қилган ташрифи якунлари, шунингдек Россия урушини якунлашга олиб келиши мумкин бўлган қадамлар муҳокама қилинди. Қатор ахборот агентликлари маълумотларига кўра, учрашувда урушдан кейин мамлакатни тиклаш ташаббуслари ва қўшма иқтисодий лойиҳалар ҳам кўриб чиқилган. Умеровнинг аниқлаштиришича, 6 декабр куни томонлар музокараларни давом эттириш учун яна йиғилади.

Умеров ўтган учрашувлар тафсилотларини келтирмаган, бироқ "Украина учун устувор йўналиш — Украинанинг мустақиллиги ва давлат суверенитетини ҳимоя қилишни кафолатлайдиган, украиналикларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган ва муваффақиятли демократик келажак учун барқарор асос яратадиган тарзда тузиладиган келишув" эканини тасдиқлади. Музокараларда Украина тарафидан, шунингдек, Украина Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи генерал Андрей Гнатов ҳам иштирок этмоқда. АҚШ томонидан эса музокараларда Доналд Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф ва Оқ уй раҳбарининг куёви Жаред Кушнер қатнашмоқда.

Майамидан келган маълумотларга кўра, Киев ва Вашингтон эҳтимолий тинчлик келишувига эришишдаги прогресс тўғридан тўғри Москвага боғлиқ, деган хулосага келган. "Иккала томон ҳам келишувга эришиш йўлидаги реал силжиш Россиянинг узоқ муддатли тинчликни таъминлаш устида жиддий ишлашга тайёрлигига боғлиқ, бу эса деэскалация чоралари кўриш ва ҳалокатли ҳаракатларни тўхтатишни ўз ичига олади", — дейилади Уиткофф томонидан X ижтимоий тармоғида ва АҚШ Давлат департаменти сайтида эълон қилинган қўшма баёнотда.

Майамидаги музокаралар Уиткофф ва Кушнернинг 2 декабр куни Москвада Россия президенти Владимир Путин билан деярли беш соатлик учрашувидан кейин ўтказилди. У учрашувдан сўнг Россия томони "тинчлик режасининг муросали варианти" йўқлиги ҳақида баёнот берган эди.

Axios нашри манбаларидан бирига кўра, америкаликлар украин делегациясини Путин билан учрашувнинг бориши ва томонлар ўртасидаги қарама-қаршиликларни бартараф этишга кўмаклашиши керак бўлган янги ғоялар ҳақида батафсил хабардор қилган. Нашр таъкидлашича, Украина ва Россиянинг очиқ (оммага маълум) позицияларини олдинги ўринга қўйилса, улар бир-биридан мутлақо фарқ қилади ва муроса масаласи қийин кўринади, шунингдек АҚШ расмийлари ҳали-ҳамон энг мураккаб — ҳудудий масала бўйича ҳам муроса топиш мумкин, деб ҳисоблашда давом этмоқда.

AFP агентлиги маълумотларига кўра, музокаралар асосини АҚШ томони ишлаб чиққан ва тахминан уч ҳафта аввал тақдим этилган Украина бўйича режа ташкил этади. Дастлабки лойиҳа Москва манфаатларига нисбатан "жуда ҳам юмшоқ" деб баҳоланган ва Украина ҳамда унинг Европа тарафидан иттифоқчилари талабига биноан асосий нуқталарда қайта ишланган. Дастлабки режага мувофиқ, Украина НАТОга аъзо бўлишдан воз кечиши, ўз қуролли кучларини қисқартириши ва Россияга бутун Донбассни, шу жумладан ҳали оккупация қилинмаган ҳудудларни ҳам бериши керак эди. Қайта ишланган "тинчлик режаси" варианти ҳақида ҳозирча жуда кам маълумот бор.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид